Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ИИВ Европа ва Ўзбекистон қамоқхоналарининг фарқини тушунтирди

17 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси фаолияти самарадорлигини такомиллаштириш, озодликдан маҳрум этилган шахсларга тазйиқ ўтказмаслик масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ҳозирда республикамиздаги мавжуд тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колонияларига жами 2 648 та видеокузатув мосламалари ўрнатилгани маълум қилинди. Бу тергов ва сақлаш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, қийноқ ҳамда жисмоний тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилиши таъкидланди.

Мулоқот давомида журналистлар Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасалари дунё стандартларига қанчалик мос келиши ҳақида савол берди.

“Ҳар бир мамлакатнинг ўзи қабул қилган стадартлари мавжуд, — деди Жазони ижро этиш бош бошқармаси Тарбиявий ва ижтимоий-психологик ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Жамшид Султонов. — Дунё стандарти сифатида Европа давлатларини оладиган бўлсак, уларда жазони ўташ шарт-шароитлари умуман бошқача, жазони ижро этиш колониялари ҳам бошқача. Лекин бутун дунёда жазо муддатини ўтаётган, қамоқхоналарда сақланаётган маҳкумларга нисбатан қўлланиладиган ва улар учун яратиладиган шароитларнинг минимал стандартлари бор, бу Нелсон Мандела қоидалари деб аталади. Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасалари мазкур Нелсон Мандела қоидаларига тўла мос келади”.

Вазирлик вакили жаҳон стандартлари ёки Европа қамоқхоналаридаги ҳолат билан ўзимизникини солиштираётганда фарқланадиган асосий жиҳат хусусида тўхталиб ўтди.

“Европа колониялари, қамоқхоналари маҳкумларга фақат жазони ўташ учун хизмат қилади, — деди Жамшид Султонов. — Яъни, у ерда уларнинг қочиб кетмаслиги, касал бўлса даволаниши, овқат билан таъминланиши кафолатланади, холос. Ўзбекистонда эса маҳкумларни тарбиялаш асосий мақсад қилиб қўйилган. Ғарб муассасаларида асосан шахсни сақлаб туриш кўзда тутилса, бизда катта эътибор тарбияга, тўғри йўлга солишга қаратилади. Тубдан фарқланадиган жиҳатимиз шунда”.

Қайд этилишича, жазо муддатини ўтаётган шахсларни қонунларга ҳурмат ва итоаткорлик руҳида тарбиялаш, улар онгида меҳнатга ижобий муносабат уйғотиш орқали келгусида такроран жиноят содир этишларининг олдини олиш, озодликка чиққач жамиятга осон мослашувини таъминлаш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни ўқитиш ва касбий тайёрлаш тизими, ўқув жараёнига масофавий таълим имкониятларини татбиқ этиш режаси ишлаб чиқилган. Шу асосда колонияларда 1 та умумтаълим ва 4 та касб-ҳунарга ўргатиш марказлари фаолияти йўлга қўйилган.