Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ИИВ: Коронавирусга чалинган беморни изоляция қилиш бўйича ўқув машғулот ўтказилди

Урганч шаҳрида “юқумли вирус билан касалланган бемор”ни изоляция қилиш бўйича махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди. Бу ҳақда Хоразм вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълумки, айни кунларда дунё аҳолисининг диққат марказида Хитойда тарқалган коронавирус бўлмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Ушбу юқумли ва хавфли вирус оқибатида Хитойда вафот этган инсонлар сони минг нафардан ошиб кетганлиги инобатга олинса, бу вируснинг мамлакатимизга кириб келишининг олдини олиш ва уни бартараф этиш чораларини кўриш фойдадан холи бўлмайди.

Шу мақсадда 12 февраль куни Урганч халқаро аэропортида “Янги турдаги коронавирус инфекциясининг республика ҳудудига четдан кириб келиши ва тарқалишининг ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларда ҳаракат қилиш Давлат тизими ҳудудий органлари ва куч-воситаларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзусида махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди.

Махсус-ўқув машқида иштирок этган ички ишлар, соғлиқни сақлаш, фавқулодда вазиятлар, божхона органлари, чегара қўшинлари ва Урганч халқаро аэропорти ишчи-хизматчилари юқумли касаллик билан касалланган шартли “бемор”ни аниқлаш, изоляция қилиш ва даволаш ишларини олиб бориш бўйича ўзларига юклатилган вазифаларни белгиланган тартибда амалга оширишди.

Махсус-ўқув машқи давомида йўл қўйилган камчиликлар, эришилган ютуқлар якунда қатнашчилар иштирокида муҳокама қилинди.