Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Иккинчи тилга эҳтиёж... Бу ўзлигини билмайдиганлар талаби

Бугун ўз она тилида бир оғиз сўз айта олмай йилларни ўтказган кекса авлод учун икки тиллилик талаби қалбимизга тиғдек санчилди. Чунки, катта-катта йиғилишлар, тадбирларда саноқли русий забонлар қатнашса-да, рус тилида сўзлашга мажбур эдик. Бугун мустақил Ўзбекистонда иккинчи тилга Давлат тили мақомини беришдан кимга, қандай манфаат бор? Мен буни тушунмаяпман.

Юртимиз мустақиллигининг эълон қилиниши, Давлат рамзлари, Бош Қомусимизнинг, Давлат тилининг қабул қилиниши жараёнларининг бевосита иштирокчиси, масъулларидан бири сифатида шуни айтишим керакки, биз ўз она тилимизга, Давлат тилимизга эга бўлиш қанча машаққатли даврларни, таҳқирлашларни бошдан кечирдик. Бугун иккинчи тилни талаб қилаётганлар ўша вақтларда қаерда эди, нима учун оёқ ости бўлаётган ўз она тилларини ҳимоя қилмади?

Ортга қарасак, ана шундай саволлар бизга тинчлик бермайди. Ортда қолган давр мобайнида бизни, дунё илм-фани тамаддунига тамал тоши қўйган халқни саводсизга чиқаришди. Айнан ўйлаб қилинган сиёсат туфайли сабабсиз бир неча бор алифбомизни ўзгартиришди. Охир-оқибат бизни чаласаводликда айблашиб, маънавий қашшоқликка мажбуран етаклашди. Олтин зангламас, деганларидек қадимдан юксак маънавияти, илмий салоҳияти билан дунёга довруғи кетган, керак бўлса минг-минглаб халқларга илм-маърифат улашган ўзбек халқи ўзлигини, тилини, динини, маънавиятини йўқотмади. Бундан кейин ҳам йўқотмайди. Буюк мутафаккир Алишер Навоий неча асрлар аввал бу тилнинг жозибасини, мукаммаллигини исботлаган даврда ҳам асосий адабий тил сифатида муомалада бўлган форсий тилни ёқлаб чиқувчилар кўп бўлган. Бу ниманинг асорати? Шубҳасиз, саводсизлик, манқуртликни “меваси”.

Бугун икки тиллиликни талаб қилаётган шахслар ҳам узоқ муддат мустамлака замонда яшаб русий забон қон-қонига сингиб, ўзлигини унутганлар, десам адашмайман. Уларнинг дийдиёларини юқорида таъкидлаганимдек, маънавий қашшоқлик деб таърифласак тўғри бўлади. Бундай вазиятнинг пайдо бўлишига нима сабаб бўлди, деган ҳақли савол туғилади. Айбни ўзингдан изла, деган халқимизнинг ҳикматли ибораси бор. Шубҳасиз, биз она тилимизга Давлат тили мақомини бердик. Аммо уни ривожлантириш, бойитиш, асрашни унутдик. Ўша Давлат тили тўғрисидаги қонунни қабул қилишда ҳам бугунгидек икки тиллилик талаби, алифбони танлаш борасидаги кўплаб тортишувлар, баҳс-мунозаралар бўлган эди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бошчилигида узоқни ўйлаб, жаҳонга юз тутиш, улар билан тенгма-тенг ривожланиш, тараққиётга эришиш учун лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси қабул қилинди. Ўзбек тилини ривожлантириш, Давлат тилини оммавийлаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Аммо уларнинг натижасини назорат қилиш, ўзбек тили меъёрларига амал қилиш талаблари ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Аксинча бўлганида бугун кўчаларимизни турли тиллардаги пешлавҳалар бежаб кетмас эди. Бугунгидек кўр-кўрона талаблар урчимаган бўларди.

Агар дунё тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак ҳам ҳар бир давлатнинг унинг асосини ташкил этувчи халқнинг асосий тили Давлат тили сифатида қабул қилинади. Айрим давлатларда халқнинг сўзлашувдаги тилига қараб икки ёки ундан ортиқ тилларга давлат тили сифатида мақом берилган. Аммо уларда ҳам асосий тил деган меъёрлар бор. Шундай экан, бугун оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда урчиётган икки тиллилик масаласи умуман асосга эга эмас. Бу маълум бир гуруҳларнинг ўйлаб топган ғайри қарашлари, маълум даврнинг асоратларидан қутила олмаган шахсларнинг асоссиз ташаббусидан бошқа нарса эмас. Шунинг учун тил қоидаларига қатъий талабларни қўшиб, корхона-ташкилотларга ишга қабул қилиш жараёнларига Давлат тилини билишни қонунийлаштириш шарт. Ҳар бир давлат муассасаларида ишлаётган ходимларнинг Давлат тилини мукаммал билиш даражаси назоратга олиниши лозим. Мамлакатда ўтказиладиган халқаро тадбирларда ҳам Давлат тилида сўзлашни жорий қилиш керак. Бу билан хорижий тилларни билишга бўлган талабни инкор этмоқчи эмасман. Чунки, таълим муассасаларимизда белгиланган талаблар асосида хорижий тиллар ўқитилмоқда. Аммо Давлат тили бу миллатнинг ғурури, давлатнинг рамзи ҳисобланади. Унга дахл қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Атоқли адибимиз Абдулла Қаҳҳор шу мавзуда фикр юритаркан «Нега кўчада қоида бузган кишига ҳуштак чали­надию, тил қонунларини буз­ганга ҳеч ким индамайди?» деган. Бугунги баҳс-мунозаралардан кейин мен шундай хулоса қиламанки, энди тил қоидаларига амал қилмайдиган шахсларга ҳам қонуний асосда “ҳуштак чалиш” зарур назаримда.

Алишер Мардиев,

меҳнат фахрийси.