Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Инсон. Виждон. Сабоқ

Ўқишимнинг биринчи куни эди. Гўшт олиш учун дўконга анча кеч чиқдим. Гўштнинг бунча турга, нархга ажратилишини биринчи марта шу ерда кўрдим. Барчасининг нархи электрон таблода кўрсатилган. Суяксиз гўштдан бир кило олдим. Сотувчи гўштни ўраб берди. Ҳисобчига тўлов картамни узатдим. У керакли маблағни ечиб олди-да, карта ва чекни қўлимга тутқазди. Қизиқувчанлигимданми чекдаги рақамга кўзим тушди. Мен олган гўшт нархи қимматроқ эди-ку?!

Ҳисобчи адашдимикан, деб ўйлаб қолдим ва тезда бориб гўштни қайси туридан олганим, аммо мен олганимдан чекдаги нарх кам кўрсатилганини айтдим. У жилмайди-да менга батафсил тушунтирди:

- Сиз кўрганингиз эрталаб маҳсулот келтирилган пайтда ёзилган нарх. Ҳозир тунги вақт. Бу пайтга келиб ҳар қанча стандартда сақланганда ҳам маҳсулотнинг сифати пасаяди, шунга мутаносиб нарх ҳам.

Хотирамда нимадир туғён қилди. Эсладим. Бу ҳолатга аввал ҳам дуч келганман. Аммо унда воқеалар ҳаммаси бунинг акси бўлганди...

Германия, Франкфурт. Ўқишини Европада давом эттираётган курсдошим.

 ***

Яқинда япониялик бир меҳмон билан шаҳар айландик. Бозорга кирганимизда гўшт сотиб олдим. Сотувчи тарозига бир кило гўшт қўйиб берди. Пулини тўладим. Гўшт деганининг ярмидан кўпи суяк, устига-устак гўштнинг ҳажмига қараб унинг тарозиси нотўғри эмасмикан, деган гумонимни сотувчига айтдим. У эса “Ака, бемалол, ишонмасангиз бошқа тарозига қўйиб олаверинг”, деди. Шу яқин орада ҳўл мева сотаётган деҳқоннинг тарозисига қўйиб кўрсам саккиз юз грамм чиқди. Сотувчи буни кўриб ноқулай аҳволга тушиб қолади, деб ўйлагандим. Аммо у на хижолат бўлди, на гўштнинг камини тўлдирди. Аксинча, мени мижғовликда, туҳматкашликда айблади.

Бозордан чиқарканмиз гўшт олганимдан бери бир оғиз ҳам гапирмаган меҳмон бироз тушкун, бироз ҳайрат билан гап бошлади:

- Сизларда асосан мусулмон кишилар истиқомат қилади, шундайми?

- Ҳа, - дедим мағрур.

- У ҳамми? - деди гўшт сотувчини назарда тутаркан меҳмон.

- У ҳам, - дедим бепарво.

- Сизларнинг муқаддас китобларингизда бировнинг ҳақини емаслик, тарозидан уришнинг оғир гуноҳ экани ёзилмаганми?

- Ҳа, албатта, шундай ёзилган.

- Нега унда сотувчи сенинг ҳақингга хиёнат қилди, тарозиси тўғри эмас, сен унга ишонмай, бошқа тарозида тортиб кўрдинг, аммо унинг тарозиси нотўғрилигини унга айтганингда қилган ишидан пушаймон бўлмади. Атрофда ҳеч ким унинг бу қилмишига муносабат билдирмади, бепарво. Ваҳоланки, бизда сизларнинг муқаддас китобларингиздагидек кўрсатма бўлмаса-да, ҳаётимизда бу каби ҳолатлар деярли учрамайди, - деди меҳмон.

Япон меҳмонимнинг эътирозига ҳеч нарса дея олмадим. Йўқ, йўқ. Унга айтадиган жавобим йўқлигидан эмас, шунчаки томоғимга аччиқ бир нарса қадалганидан...

Тошкент, Юнусобод даҳаси. Тадбиркор дўстим.

 ***

Нон растаси. “2 минг сўм” деб сиёҳли ручкада, бири лотин бири кириллда ёзиб қўйилган. Кун бўйи очиқ турганиданми, нонларнинг суви қочиб қолган. Икки дона нонни олиб сотувчига 5 минг сўмлик узатдим-да қайтим беришини кута бошладим. Сотувчи менга бироз қовоқдор тикилда-да “Яна минг сўм берасиз”, деди.

Ҳайрон бўлдим. Қўлимдаги нонга қарадим. Йўқ, адашмаяпман. Икки минг сўмлик растадан олдим.

Бошқа харидорлар навбат кутиб қолгани учун сотувчининг қиёфаси яна ҳам норози тус олди:

- Бу нон бугун уч минг.

У “бугун” деган сўзга алоҳида урғу берди. Яна айёрона нигоҳда қўшиб қўйди:

- Кеч бўлиб қолди, энди бошқа жойдан тополмайсиз. Атрофдаги ҳеч бир дўконда нон қолмаган...

Самарқанд, Суғдиёна маскани. Мен.

Сулаймон МАРДИЕВ.