Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Иқтидорли ёш ходимларни танлаш учун “Келажак лидерлари” клуби ташкил этилади

Давлат хизматини ривожлантириш агентлигида давлат ташкилотларида мавжуд бўлган вакант ўринларни очиқ мустақил танловлар асосида иқтидорли ходимлар билан тўлдириш мақсадида vacancy.argos.uz сайти ишлаб турибди. Энди фуқаролар объективка (маълумотнома) кўтариб иш излаб ташкилотлар эшигини қоқмайди, шунчаки ўзининг шахсий смартфони ёки компьютери орқали ушбу сайтга кириб, ўз мутахассислиги бўйича эълон қилинган вакант лавозимга ҳужжат топширади. Бунда фуқародан фақатгина рўйхатдан ўтиш талаб қилинади. Ортиқча қоғозбозлик, оворагарчиликларга йўл қўйилмайди. Янги тизимнинг ишга тушиши бюрократия ва коррупцияни олдини олишда муҳим восита ҳисобланади.

Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали томонидан жами 150 марта вакант лавозимларга очиқ танловлар эълон қилинди. Шундан 101 таси якунланган бўлиб, 69 таси бўйича ғолиблар аниқланмаганлиги сабабли қайта эълонга берилган. 30 та вакант лавозим бўйича танлов  ғолиблари аниқланган. Ушбу танловларда иштирок этаётган ва танлов ғолибига айланаётганларнинг 30 фоизи 30 ёшгача, 50 фоизи 40 ёшгача ва 20 фоизи 40 ёшдан юқори бўлган фуқароларни ташкил этмоқда. Бу эса ўз навбатида ёшларимизда давлат фуқаролик хизматига бўлган ишончнинг ошишига ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида мавжуд вакант лавозимларни билимли, иқтидорли ва муносиб номзодлар билан тўлдиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Филиал томонидан ёшларни давлат хизматига қизиқтириш, давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда муассасаларида ёшлар учун давлат фуқаролик хизмати фаолияти билан бевосита танишишга йўналтирилган “Очиқ эшиклар куни”, “Open public service” ҳамда олий таълим муассасаларининг битирувчи курс талабалари билан иш берувчиларнинг учрашувлари ва очиқ мулоқотлари ташкил этиляпти. Шунингдек, ёшлар орасидан истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш, ташаббускор, жойлардаги муаммоларни ҳал этишда фаол иштирок этувчи, раҳбарлик лавозимларига муносиб ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида агентликнинг вилоят филиали томонидан “Келажак лидерлари” клубини ташкил этиш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди.

Барно Юлдошева,

филиал инспектори.