Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Иш ҳақидан коммунал тўловлар учун ушлаб қолиниши мумкинми?

Бироқ, ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқ ва бурчларини бажаришда эркиндир. Фақат суд қароригина мажбурий ижро этилиши мумкин.

Адлия вазирлиги бу борадаги вазиятга қонуний баҳо бериш мақсадида ўрганиш ўтказди. Ўрганиш давомида тасодифий танлов асосида 729 муассаса (тиббиёт, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари) тасодифий танлов асосида танланиб, ўрганилди.

Ўрганиш натижаси кутилганидан кўра ёмонроқ, яъни ноқонунийлик авж олганини кўрсатди. Иш берувчиларнинг ходимлар иш ҳақидан ноқонуний равишда ушлаб қолиши деярли одатга айланган. Бошқача айтганда, ўқитувчи, тарбиячи, шифокор, ҳамшира каби касб соҳибларининг ойлик иш ҳақидан уларнинг розилигисиз коммунал тўловларга ўтказишдек ноқонуний амалиёт йўлга қўйилган.

Ўрганиш давомида 345 мингдан ортиқ қонунбузарлик ҳолати аниқланган. Уларнинг ярми Фарғона водийсида жойлашган вилоятлар ҳиссасига тўғри келган. Хусусан, 237 минг 434 (69 фоиз) ходимдан иш ҳақи уларнинг розилигисиз ушланган. 37 минг 696 (11 фоиз) ҳолатда уларнинг ишда бўлмаган вақти, яъни касаллик, таътил, хизмат сафари ва бошқа ҳолатларда иш ҳақининг 60-70 фоизи ушлаб қолинган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Хоразм ва Бухоро вилоятларида ҳам бундай қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилган. Иш ҳақининг 70 фоизигача ушлаб қолинган ҳолатлар учраган.

Таҳлил натижаларига кўра, адлия идоралари томонидан тегишли идораларга айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича тегишли ҳужжатлар киритилди. Шундан 277 таси маъмурий, 2 таси жиноят иши билан боғлиқ.

Ҳар бир фуқаро меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, ва пировардида муносиб иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга. Ходим маошининг бир қисми фақат унинг ёзма розилиги билан ушланиши мумкин.

Адлия вазирлиги барча фуқароларга ўз ҳуқуқини билишни, иш ҳақидан ноқонуний равишда ушлаб қолинган тақдирда “Ишонч телефони” – 1008 ёки адлия бўлимлари, ижтимоий тармоқлардаги адлия гуруҳларига мурожаат қилишни сўрайди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА​​