Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Исмоил Жўрабеков: “Биринчи президентнинг буйруғини бажармаганман”

1994-98 йилларда Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири лавозимида ишлаган Исмоил Жўрабеков биринчи президент томонидан Ўзбекистон ва Афғонистонни боғлаб турувчи кўприкни портлатиш учун юборилган. Бироқ у икки давлатни боғловчи кўприкни портлатиш буйруғини бажармаганини гапириб берди.

Исмоил Жўрабеков ЎзА мухбири билан суҳбатда Амударё устида қурилган кўприкни порлатиш буйруғини нега бажармаганини гапириб берди.

Ислом Каримов ҳузурига чақириб, Амударё устига қурилган кўприк устида бўлаётган аянчли вазиятни қисқача тушунтирди-да, махсус тузилган комиссияга раҳбар этиб тайинланганимни, ҳозироқ воқеа юз берган жойга етиб бориб, кўприкни эгаллаб олган афғонистонликлардан тозалашимни ва уни дарҳол портлатиб юборишимни қаттиқ тайинладилар.

Бу пайт мен Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлар эдим. Ростини айтсам, ўша пайтда кўприк устидаги вазият ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлмаган ҳолатимда бундай муҳим топшириқни менга ишониб топширгани учун хурсанд бўлдим. Ахир не-не генераллар, вазирлар ва бошқа юқори лавозимли шахслар бор эди-да.

Комиссияга кимлар киритилганини билгач, “бажараман!” дея йўлга тушдим. Кўприк тўғрисида анча маълумотга эга эдим. У собиқ Совет иттифоқининг Ўрта Осиёдаги энг катта ва қурилиши салкам тўрт йил давом этган улкан иншоотлардан бири эди. 1970 йилларда қурилиши бошланган бўлса, 1974 йилга келиб фойдаланишга топширилган.

Мазкур кўприк орқали нафақат қўшни республикаларнинг, балки бутун Европа мамлакатларининг Афғонистон халқига кўрсатиладиган инсонпарварлик ёрдамлари: озиқ-овқат, дори-дармон, кийим-кечаклар ортилган транспорт воситалари ўта бошлаган эди.

Шунинг учун ҳам стратегик аҳамиятга эга бўлган муҳим объект саналарди. Бизнинг аскарлар томонидан жиддий қўриқланарди. Боиси, афғон юртида фуқаролик урушлари тўхтамаган, ҳар-хил гуруҳлар, тўдалар пайдо бўлиб, ҳокимият учун кураш олиб борар, бунинг оқибатида оддий одамлар жабр-ситам кўрарди.

Биринчи хавф жангарилар бўлса, иккинчи хатар оғу эди. Президентнинг ташвишини тўғри англагандай бўлдим, аммо воқеа содир бўлган жойга етиб келганимда, вазият мен ўйлагандан кўра минг чандон оғирроқ экан.

Кўприк усти афғонистонлик хотин-халажлар, эркаклар, чол-кампирлар, бола-чақалар билан батамом тўла эди. Кўприк ортида ҳам тумонат одам. Чамамда уларнинг сони уч-тўрт минг атрофида эди.

Шунда хаёлимга уларнинг каттаси билан гаплашиш керак деган фикр келди. Қаердан жасорат пайдо бўлди билмадим, аммо таваккал қилдим. Бу ҳаракатимдан қайтарганлар ҳам бўлди, лекин мақсадимдан қайтмадим. Ҳарбий бўлмасам-да, ўзимни командирларча тутишга ҳаракат қилдим. Ярим соат ичида кўприкдан етти километр нари кетишмаса, ҳандақдаги тўп ва миномётларда ўққа тутиб, қириб ташлашимизни айтдим. Шундай ваколатга эга эканлигимни тушунтирдим. Кимдир менинг жуссамга қараб тиржайиб қўйди. Кимдир Наполеонга ўхшатиб, жиддий тортди.

Эслатиб ўтамиз, 1990 йилларда давлат агросаноатини бошқарган, 1994-1998 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб ишлаган, 2000-2004 йилларда эса Ўзбекистон Президентининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимларида фаолият кўрсатган.