Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жаҳон ҳамжамияти эътирофида

Ҳозирги Ўзбекистон инсоният цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломалар, мутафаккир шоирларни улғайтирган, уларга илму урфон ўргатиб, жаҳон тамаддуни ривожига тақдим этган муқаддас замин саналади.

Шунинг учун ҳам Шарқу Ғарбда тиббиётнинг отаси бўлган, ҳадисшунослик илмига асос солган, араб тили грамматикасини ишлаб чиққан, Ер шари макетини яратган, математика, астрономия фанларининг отаси бўлган (бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин) олимларни етиштирган диёримизнинг таълим, айниқса, олий таълим тарихи бир неча юз йилларга бориб тақалиши турган гап.

Мамлакатимиздаги етакчи олий таълим муассасаларидан бўлмиш Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари, олимлари шу аср бошидаёқ юртимизда фаолият кўрсатаётган университетлар ХХ асрда ташкил топган эмас, уларнинг тарихи илк ўрта асрларга бориб тақалиши тўғрисидаги фикрларни илгари сурган эди.

2001 йилда Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти раҳбарлигига келгач, СамДУни замонавий талаблар даражасида ривожлантириш, бу олий таълим даргоҳининг мукаммал тарихини яратиш, унинг тарихий илдизлари Улуғбек мадрасаси билан боғланишини халқимизга, жаҳон ҳамжамиятига исботлаб кўрсатиш ҳақида кўрсатмалар берган эди. Шундан сўнг СамДУ раҳбарияти ва олимлари университет тарихи, унинг миллий ва жаҳон илм-фани, таълим тизими тараққиётига қўшган ҳиссаси хусусида тадқиқотларни бошлаб юборди.

Бунга ёрқин мисол сифатида академик Ботурхон Валихўжаевнинг ўша йиллари матбуотда эълон қилинган “Темурийлар қурган мадрасаи олиялар”, “Олий таълим тизимининг теран илдизлари”, “Медресе олия – университет среднековья”, “Олий таълим тарихи: олий мадрасадан университетгача”, шунингдек, таниқли олим Рустам Холмуродовнинг “Дорулфунунларнинг ворислари” мақолаларини келтириш кифоя, деб ўйлаймиз.

Бундан ташқари, академик Б.Валихўжаевнинг “Мирзо Улуғбек даври мадрасалари” ва “Самарқандда олий таълим – мадрасаи олия. Университет тарихидан лавҳалар” рисолалари ўрта асрлардаги олий таълим тизими ва бугуни, олий таълимнинг ўзига хос хусусиятлари, улар бугунги замонавий университетларнинг илдизи экани асослаб берилди. Айтиш лозимки, “Мирзо Улуғбек даври мадрасалари” рисоласи тез орада Туркия ва Эрон каби мамлакатларнинг таълим тарихи мутахассислари эътиборига тушди. Жумладан, бу китоб 2004 йилда Туркиядаги Халқаро Ислом маданияти ва санъати маркази (IRCICA) тарафидан таржима қилиниб, 5000 нусхада чоп этилди. Марказнинг ўша пайтдаги директори Акмалиддин Эҳсонўғли “...ўзбек олими проф. Б.Валихўжаевнинг “Мирзо Улуғбек даври мадрасалари” (туркча нашри номи -“Uluğ Bey devri medreseleri”) китоби чоп этилиши туфайли биз ислом цивилизациясининг илм-фан ва маданиятнинг ҳаракатлантирувчи кучи мадрасалар экани ва Туркистон мадрасалари ўрта асрларда бутун мусулмон оламида ва дунёдаги илм-фан тараққиётида жуда катта маънавий-маърифий роль ўйнаганини теран англадик”, деб юксак баҳо берган эди. Китоб 2005 йилда Эронда форс тилига таржима қилиниб, чоп этилди ва юқори баҳо олди. Самарқанд мадрасаларининг жаҳоншумул аҳамиятини дунё миқёсида тарғиб қилиш ўша пайтдаги вилоят раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилганини ҳам қайд этиб ўтиш ўринли бўлади.

Ўтган давр мобайнида таниқли олимларимизнинг мазкур мавзуга доир мақолалари, фикр-мулоҳазалари марказий газета ва журналларда кенг ёритилди. Биз университетларимиз тарихи ХХ асрдан бошланмагани, уларнинг илдизи қадим ўтмишдаги мадрасаларга бориб тақалиши ҳақидаги фикрларни илгари сураётганимиз учун 1927 йилдан университет номи билан атала бошланган СамДУнинг 90 йиллигини нишонлашга ҳаракат қилмадик. Зеро, Б.Валихўжаев таъбири билан айтганда “... нега биз олий таълимимизнинг илдизлари ва унинг даргоҳлари мадраса ва мадрасаи олияларнинг қадимий тарихини ҳисобга олмай, олий таълим тизими ва уларнинг даргоҳлари тарихини XX аср бошлари – шўро даврида қайта тикланишидан бошлар эканмиз? Бу билан турли хил ва даражада бўлишидан қатъий назар, узлуксиз давом этган олий таълимимизнинг теран илдизлари, унинг даргоҳлари бўлмиш мадрасалар ва мадрасаи олияларнинг бўлгани ҳамда бой тарихини инкор этмаймизми?”

Миллий таълим тизимини бугунги глобаллашув даври талаблари даражасида ислоҳ қилиш, жаҳон стандартларига жавоб берадиган кадрлар тайёрлаш йўлидан борар эканмиз, замон мана шу масала – миллий олий таълим тизимининг теран илдизлари ҳақидаги масалани кун тартибига қайта қўйгандек бўлди. Чунки ҳеч бир жамият илғор таълим-тарбия тизимисиз мавжуд бўлолмайди. Ахир, ибн Синолар, Берунийлар, Хоразмию Форобийлар ўз-ўзидан шаклланиб қолмайди-ку! Қолаверса, Мовароуннаҳр ҳам ўз-ўзидан илм-фан, маданият ва маърифат маркази бўлиб қолган эмас. Бу ерда улкан таълим-тарбия муассасалари – мадрасалар мавжуд бўлган. Улар темурийлар, айниқса, Мирзо Улуғбек даврида катта мавқега кўтарилди. Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси фаолияти XX асрнинг 20-йилларигача давом этган. Шундан сўнггина ўз ўрнини мадрасаи олияларнинг вориси ҳисобланмиш университетларга бўшатиб берган.

Шу боис, юртимиз олий таълим тизими тарихини 19-асрнинг иккинчи ярми ёки 20-аср бошлари билан бошлайдиган шўролар тарихчилигидан қолган ёндашувлардан мутлақо воз кечиш, тарихий ҳақиқатни тиклаш зарур. Дастлабки қадам ўлароқ, 2020 йилда Самарқанд давлат университетини Улуғбек мадрасаи олиясининг бевосита давомчиси сифатида 600 йиллик юбилейини дунё миқёсида кенг нишонлаш лозим. Зеро, Туркистон мадрасалари, Самарқанд мадрасаи олияларининг инсоният цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссасини жаҳон эътироф этмоқда.

Муслиҳиддин Муҳиддинов,

Самарқанд давлат университети профессори,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.​

ЎзА