Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жаҳонда ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ ҳодисалар сони ортмоқда

Самарқанд шаҳрида Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ҳамда Германиянинг «Senior Expertin Servis» халқаро ташкилоти билан ҳамкорликдаги «Суицид ва психиатрик касалликларнинг долзарб масалалари» мавзусида халқаро илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Вилоят руҳий касалликлар диспансери, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларининг психиатр мутахассислари иштирокида ўтган тадбирда Катта экспертлар хизмати вакили, тиббиёт фанлари доктори, профессор Вольганг Кашка ва бошқалар сўнгги йилларда жаҳонда руҳий касалликларнинг турлари кўпайиб, айниқса, ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ ҳодисалар сони ортаётганини таъкидлаб ўтди.

- Неврология – тиббиётнинг ривожланаётган йўналишларидан бири ҳисобланади, - дейди Республика бош психиатри Улуғбек Алимов. – Асаб тизимининг бузилиши кўплаб касалликларнинг ривожланишига олиб келади. Шу сабабли ҳам қатор йиллардан бери мазкур халқаро ташкилот билан ўзаро ҳамкорлик қилиб келамиз. Жаҳоннинг етакчи руҳшунос-психиатрлари мунтазам юртимизга келиб, шифокорларимизга ўз малака ва тажрибаларини ўргатиб келишмоқда.

Семинар якунида профессор В.Кашка маҳаллий психиатр мутахассислар учун касб маҳоратидан сабоқ берди.

Дилмурод Тўхтаев.