Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жамоа мурожаати қай тартибда кўриб чиқилади?

«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддаси мурожаат этиш ҳуқуқини амалга оширишнинг кафолатлари деб номланади.

Унга кўра, жисмоний ва юридик шахсларга давлат органларига якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этиш ҳуқуқи кафолатланади. Яъни, ҳар ким ҳам алоҳида, ҳам бошқа шахслар билан биргаликда ваколатли давлат органлари ва давлат муассасаларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Давлат органларига шахсан ёки жамоа бўлиб мурожаат қилиш имконияти, шунингдек “Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида намунавий низом”да кўзда тутилган.

Мурожаатлар оғзаки ёки ёзма, электрон шаклда берилиши мумкин.

Амалиёда айрим ҳолларда жамоа бўлиб қилинган мурожаатда рўйхатнинг иккинчи ёки ундан кейинги ўринларида турганлар имзо ўзиники, аммо мурожаат мазмунидан бехабарлигини билдиради. Қайд этиш лозимки, бу ҳолат мурожаатни аноним, деб топиш ёки кўрмасдан қолдиришга асос бўлолмайди.

Жисмоний ёки юридик шахслар жамоа бўлиб мурожаат қилган тақдирда, уларнинг мурожаатлари Қонун талаблари ва Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги қарори билан тасдиқланган «Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида намунавий низом»га мувофиқ кўриб чиқилади. Бунда мурожаатга жавоб мурожаат қилганларнинг рўйхатида биринчи бўлиб кўрсатилган шахсга ёки уларнинг талабига кўра, бошқа шахсга юборилади.

Жисмоний ёки юридик шахснинг илтимосига кўра мурожаатни кўриб чиққан давлат органи, ташкилоти ва уларнинг мансабдор шахслари мурожаатга жавобни унинг мазмунини ўзгартирмасдан тушунтириши, шунингдек йўл қўйилган хатолар ва арифметик хатоларни ўз ташаббусига кўра ёки мурожаат қилувчининг илтимосига кўра, мурожаатга жавобнинг мазмунига дахл қилмаган ҳолда тузатиши шарт.

Мурожаат қилувчининг мурожаатга жавобни тушунтириш ва уни тузатиш тўғрисидаги илтимоси у келиб тушган кундан эътиборан ўн кун ичида кўриб чиқилади.

Б.Қаршиев,

вилоят ҳокимлиги бош юристконсульти.