Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Жартепа": ўтиш сони ҳам, суръати ҳам ортган

Самарқанд вилоятида 2018 йилнинг биринчи чорагида 69,7 млн АҚШ долларилик товарлар экспорт қилинган бўлса, жорий йилнинг шу даврида экспорт қилинган товарлар қиймати 85,5 млн долларга етди. Кўрсаткич 23 фоизга ошган. 

Экспорт улушининг тезкор ортишида мамлакатимизнинг чегарадош давлатлар билан қўшничилик алоқаларини яхши йўлга қўйилаётгани ҳам омил бўлаётир. "Жартепа" чегара божхона постининг 2018 март ойида очилиши икки давлат ишбилармонлари ва тадбиркорлари учун ҳам катта имконият эшигини очди. Бугунги кунда самарқандлик тадбиркорлар Тожикистонга, жумладан, Суғд вилоятига гилам ва гилам маҳсулотлари, электротехника воситалари, минерал ва кимёвий ўғитлар, парранда-наслчилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилмоқда.

Мазкур божхона пости ходимларининг самарали фаолият олиб боришлари натижасида пост орқали ҳаракатланаётган экспортга йўналтирилган юк автомашиналари тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда. Чегара ўтказиш пунктларида тирбандликлар олдини олиш мақсадида божхона назоратининг замонавий техник воситалари базаси доимий янгиланмоқда. Хусусан, ДБҚ ҳамда вилоят божхона бошқармаси томонидан мазкур чегара божхона пости орқали фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракатини назорат қилиш видеокузатув тизими орқали онлайн тарзда олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, тадбиркор ва ҳайдовчилар учун яна бир қулайлик яратиш мақсадида эндиликда ДБҚнинг www.bojxona.uz расмий веб-сайтидаги "Тадбиркорлар учун зарур маълумотлар" рукни орқали чегара божхона постларида навбатда турган автотранспорт воситалари сони, БЮДнинг расмийлаштирувдаги ҳолати ва очиқ турдаги божхона омборлари бўйича онлайн маълумотлар олиш имконияти яратилган.

Шунинг билан бирга экспорт товарларини божхона назорати зонасидан тезда ўтказиш учун "Жартепа" пости дарвозасига "Экспорт режимига расмийлаштирилган юкли автотранспорт воситалари навбатсиз ҳаракатланади", "Экспорт йўналиши бўйича саволлар юзасидан (66) 230-42-42 рақамига мурожаат қилишингиз мумкин" номли эслатмалар ўрнатилган. 

 

Самарқанд вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати.