Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Жасоратим ерда қолмайди, мен ҳақимда асар ёзилади», деган жангчининг жасоратини Охунжон Ҳакимов рўёбга чиқарди

1939 йил, баҳорнинг серёғин кунларидан бирида галабеклик Бобоёр ҳам тенгдошлари қатори ҳарбий хизматга йўл олди. Нурободнинг кенг дашту далаларида қўй боқиб юрган йигит чўпон таёғини қуролга алмаштириб, Украинанинг Одесса шаҳри аэропортини уч йил қўриқлади. Энди ота-онаси, қариндош-уруғлари бағрига қайтаман, деб турганида Иккинчи жаҳон уруши бошланди.

Ҳарбий хизматда олган тажрибасига таянган ҳолда жангга кирди. Бошида «Фашистларни тезда ер тишлатиб, онажоним бағрига қайтаман», дея ўйлаганди. Ўйлаганлари хомхаёл экан. Сталинград остоналарини қўриқлашда, Белоруссия фронти, Польша, Болтиқбўйи мамлакатларида ўтган қирғинбарот жангларда ўлим шарпасини ортмоқлаб кезди, йирик шаҳарлар, қишлоқларнинг вайронгарчиликларига, гўдаклар йиғиси-ю, минглаб одамларнинг қонталаш жасадларига гувоҳ бўлди. Юзлаб қуролдош дўстларидан айрилди.

Бир сафар душман самолёти ёғдирган бомбалар остида қолиб, ҳарбий госпиталга тушди. Госпиталда ётган кунларнинг бирида радиода Мулла Тўйчи ҳофиз ашулаларидан бирини қўйишди. Ватан соғинчи устун келиб, радиони ўчириб қўйган бошқа миллат вакиллари билан муштлашишдан ҳам тоймади.

Жанггоҳларда неврит (асаб тизими яллиғланиши) касаллигига чалинса-да, ҳарбий комиссариат уни яна урушга жўнатаверди. 1945 йил 9 май ғалаба байроғи Рейхстагга тикилганда ҳам унга уйга қайтишга рухсат берилмади. Ўзбекнинг ориятли йигити Бобоёр 1947 йилгача Германиядаги ҳарбий қисмларда хизмат қилиб, оғир қурилиш ишларига жалб қилинди.

- Отам 1947 йилнинг охирида она юртига қайтгач, аравакашлик, чўпонлик, қоровуллик билан шуғулланди, - дейди Эрнафас Исмоилов. – Кейинчалик Каттақўрғон тумани «политчасти» топшириғига биноан қишлоғимиз йигитларини ҳарбийликка тайёрлаш ишлари билан шуғулланди.

«Ўжарлигим сабаб урушда олган ордену медалларимдан маҳрум этилганман. Аслида урушнинг энг даҳшатли ҳудудларида жанг қилганман. Бу меҳнатим бир кун келиб рўёбга чиқади. Мен ҳақимда китоб чиқиши керак», дерди Бобоёр бобо қариган чоғида ўғлига.

- Отам 1988 йилнинг июнь ойида вафот этди, - дейди Эрнафас муаллим. – 1990 йил мактаб кутубхонасидаги китобларни варақлар эканман, фарғоналик адиб, Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимовнинг «Шарқ ўғлонлари» достони қўлимга тушиб қолди. Воажаб, достонда Бобоёр жангчи ва унинг сафдошларининг қаҳрамонликлари ҳақида баён қилинганди:

…Чангу тўзон орасида 

Яна кўринди танклар.

- Тайёрланинг! Бобоёрнинг

Буйруғи жаранглар.

 

…Пулемёт сайрар, милтиқлар ҳам

Тиним билмай варанглар.

- Фашист думин қилди хода,

Оғайнилар, қаранглар!

 

Деб Бобоёр қилар хитоб

Сиғмас гўё этига,

…Омон қолган бир танк шитоб

Тисарилар кетига…

Ушбу достон Сталинград бўсағаларида муҳим бир тепаликни ҳимоя қилиб, жасорат кўрсатган, ўнлаб душманни қириб ташлаган 11 жангчи – 9 ўзбек, бир қозоқ ва татардан иборат жанговар гуруҳнинг қаҳрамонликларига бағишланган эди. Достонда отамнинг исми 12 бор тилга олинган.

Мазкур китобни шу пайтгача асраб юрдим. Шу йилнинг бошида отамни тарих саҳифаларига киритган шоир билан суҳбатлашиш орзусида Фарғона томон йўл олдим. Аммо Фарғонанинг Лоғон қишлоғидан шоирни тополмадим. Тошкентда яшаётган экан.

…Охунжон Ҳакимнинг уйида меҳмон бўлиб, бир оқшом отам ҳақида, ўзбек ўғлонларининг Иккинчи жаҳон уруши йиллари қилган мардонавор жанглари, кўрсатган жасоратлари ҳақида кўп ва хўп гаплашдик. Шоир отамнинг водийлик қуролдош дўстлари билан қилган суҳбатлари асосида «Шарқ ўғлонлари» достонининг ёзилиши тарихи хусусида сўзлаб берди. Падаримнинг ўлим олди «Жасоратим ерда қолмайди, мен ҳақимда асар ёзилади», деган гапларини эслаганим сари руҳим тетиклашиб Самарқандга қайтдим:

- Рота! Ўт оч! Бир эсини

Таниб олсин бу бадкор!

Дея пулемёт тепкисин

Босди яна Бобоёр!

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.