Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Жемчужина” нодавлат боғчасида Туркия тажрибаси қўлланилади

Самарқанд туманида жорий йилнинг март ойида 20 нафар тадбиркор томонидан оилавий уй-боғча ҳамда 3 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси ўз фаолиятини бошлади. Улар орқали тумандаги 500 нафар бола боғчаларга қамраб олинди.

- Боғчамиз 100 ўринга мўлжалланган бўлиб, таълим рус тилида олиб борилади, - дейди Юқори туркман маҳалласида жойлашган “Жемчужина” НМТМ раҳбари Раҳима Муҳаммадиева. – Инглиз тилида ҳам дарслар мукаммал ўқитилади. Боғчани очишдан аввал Туркия давлатида 3 ой бўлиб, у ердаги болаларга таълим бериш жараёнини кузатиб келдик. Уларда асосий эътибор боланинг қизиқишига, туғма истеъдодига қаратилар экан. Шунингдек, машғулотлар ҳам эркин тарзда олиб борилади. Мисол учун бола мусиқага қизиқса, у билан мусиқа ўқитувчи шуғулланади ва боғчада шароит ва имкониятлар яратилади. Бу келажакда фарзандларимиз ўз маҳоратларига, истеъдодларига қараб касб танлашида жуда  муҳимдир. Шунинг учун, боғчада болаларнинг қизиқишларига қараб турли тўгараклар фаолиятини йўлга қўйишни режалаштирганмиз.

Бугун Самарқанд туманидаги 3-7 ёшгача бўлган 23328 нафар болаларнинг 5338 нафари 35 та давлат МТМларга, 925 нафари  37 та оилавий МТМларга, 410 нафари  5 та нодавлат МТМларга қамраб олинган.