Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Жиҳодчилар” диний-экстремистик оқими аъзоларининг жиноий фаолиятига чек қўйилди

7 январь куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳамда ДХХ ходимлари ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ўтказилган тадбирлар натижасида Ўзбекистон Республикасида фаолияти таъқиқланган «Жиҳодчилар» диний-экстремистик оқимининг (ДЭО) бир гуруҳ аъзоларининг жиноий фаолиятига чек қўйилди, дейилади ИИВ терроризм ва экстремизмга қарши кураш бош бошқармаси хабарида.

Маълум қилинишича, ушбу шахслар Ўзбекистон ҳудудида Сурияда паноҳ топган террористик уюшма аъзоларининг топшириқларини бажариб келишган ва аҳоли орасида қонунга хилоф равишда тарғибот олиб бориб, «Жиҳодчилар» ДЭО ғояларини тарқатганлар ҳамда шу йўл билан сафларини кенгайтиришга қаратилган ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этганлар. Шунингдек, улар юртимиздаги ёшлар орасида ўзларининг ақидапарастлик ғояларини сингдириб, Сурия ҳудудидаги халқаро террорчилик ташкилотларининг сафига қўшилиб, жиноят содир этишга даъват қилган.

Ушланган шахсларда экстремистик мазмундаги материаллар мавжудлиги аниқланган ва процессуал тартибда олиб қўйилган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди ва тергов-тезкор ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан «Жиҳодчилар» диний-экстремистик оқими ташкилоти фаолияти Ўзбекистон ҳудудида таъқиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Шунингдек, фуқаролардан, айниқса, ёшларимизни огоҳлантириб, бу каби қонун бузилишларига йўл қўймаслик мақсадида бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларга алданиб қолмасликларини, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликлари, сақламасликлари ва тарқатмасликларини сўралган.