Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жиноят-процессуал кодексида нималар ва нега ўзгармоқда?

Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Макур қонун парламент палаталари томонидан маъқулланди.

Судлар томонидан чиқарилган суд қарорларининг қонунийлиги, адолатлилиги ва асослилигини текшириш вазифаларини бажарувчи суд инстанциялари қуйидаги икки турдаги элементдан иборат: суднинг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарорларини текширишни амалга оширувчи инстанциялар (апелляция инстанцияси) ва суднинг қонуний кучга кирган қарорларини қайта кўришни амалга оширувчи инстанциялар (кассация ва назорат инстанциялари).

Суд ҳал қилув қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текширишнинг амалдаги тизими таҳлили шуни кўрсатадики, назорат тартибида иш юритиш ўз вазифалари ва ваколатларига кўра (ЖПКнинг 57-моддаси) кассация тартибида иш юритиш билан (ЖПК 56-моддаси) ўхшашдир.

Бундай механизм, халқаро ҳамжамият ва фуқаролик жамиятининг суд инстанциялари сони кўплиги борасидаги таъналари ва танқидига сабаб бўлмоқда. Чунки кассация тартибида текшириш ҳам, назорат тартибидаги текшириш ҳам қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини текширишга қаратилган.

Қайд этиш лозимки, лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикаси, Беларусь, Озарбайжон, Грузия сингари МДҲ давлатлари тажрибаси ўрганилган. Бундан ташқари, Германия, Франция, Венгрия, Италия, Япония, Канада, Корея Республикаси, Польша ва Чехия давлатларининг жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш масаласини тартибга солиш тизими кўриб чиқилган.

Ўзгартиш ва қўшимчалар қандай?

Қонун билан жиноят процессуал кодексига ўнга яқин ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, суриштирув, дастлабки терговнинг тўлиқ эмаслигини ёки жиноят процессуал қонун нормаларининг жиддий бузилишларини бартараф этиш мақсадида, шунингдек, жиноий жавобгарликка жалб этилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда суднинг ҳаракатларига тааллуқли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиляпти.

Биринчи инстанция судининг ҳукми ва ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш тартиби, муддатларини, апелляция шикоятига (протестга), уни тўлдириш ва қайтариб олишга қўйиладиган талабларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиляпти.

ЖПКнинг 497-13, 497-37-моддалар билан тўлдириб, уларда: суд мажлисининг предмети, муддатлари, тарафларнинг иштирок этишига, ишни апелляция инстанцияси судида кўриш тартибига, суд ҳукмини, ажримини бекор қилиш ёки ўзгартириш асосларига, апелляция инстанцияси суди ҳуқуқларининг чегарасига нисбатан аниқ тушунтиришлар берилган.

Апелляция инстанцияси суди томонидан қабул қилинадиган қуйидаги қарорларга, янги ваколатлар билан тўлдиришга тааллуқли аниқ тушунтиришлар берилган:

- ҳукмни бекор қилиш ва жиноят ишини тугатиш ҳақидаги;

- айблов ҳукмини бекор қилиш тўғрисидаги ва ишни прокурорга қайтариш ҳақидаги;

- биринчи инстанция судининг ҳукмини, ажримини янги суд ҳал қилув қарорини (ҳукмини) чиқарган ҳолда бекор қилиш тўғрисидаги;

- апелляция тартибида иш юритишни тугатиш ҳақидаги.

Бундан ташқари, биринчи инстанция судининг ажрими устидан берилган хусусий шикоятни (протестни) кўриб чиқиш тартиби белгиланган.

Суднинг ҳукми ва ажрими устидан кассация тартибида шикоят беришни тартибга солиш учун ЖПКнинг 498–504-моддалари суднинг қарорларига тааллуқли аниқлаштиришлар билан тўлдириляпти. Ушбу қарорлар қайта кўрилиши мумкин. Ҳукмлар ва ажримларни қайта кўриш асослари, жиноят процесси иштирокчиларининг суд ҳукми, ажрими устидан шикоят бериш ҳуқуқлари, шикоят (протест) бериш тартиби ва муддатлари, шунингдек, кассация шикоятининг (протестнинг) мазмунига тааллуқли талаблар аниқлаштирилди.

ЖПКнинг 56-1-бобини кассация инстанцияси судида иш юритиш қоидаларини белгиловчи қўшимчалар киритиш. ЖПКнинг 505–509-14-моддаларида шикоятлар (протестлар) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан кўриб чиқилишини инобатга олган ҳолда кассация инстанцияси судида иш юритиш тартибга солинган. Кассация инстанцияси судининг ваколатлари муддатлари, Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан қабул қилинадиган процессуал ҳужжатларнинг шаклига, мазмунига қўйиладиган талаблар белгиланган. Бундан ташқари, ишларни кассация инстанцияси судида қайта кўриш ҳоллари, тартиби белгиланган.

Бундан ташқари, назорат тартибида иш юритиш институти тугатилганлиги муносабати билан ЖПКнинг 57-боби чиқариб ташланиб, амалда мавжуд бўлган Олий суд судьясининг назорат шикоятини Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажрим чиқариш ваколати бекор қилиш белгиланган.

Янги очилган ҳолатлар туфайли жиноят иши бўйича иш юритишни қайтадан бошлашнинг аниқ қоидалари белгиловчи қўшимчалар киритиляпти. Хусусан, янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қайтадан бошлаш тўғрисидаги илтимосни ёки хабарни кўриб чиқиш ҳуқуқи Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади.

Мазкур қонун аввало, фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятини берадиган тарзда суд қарорларини қайта кўриш тартибини бирлаштиришга, жамиятнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлашга, шунингдек, халқаро стандартлар нормаларини миллий қонунчиликка иплементация (мослаштириш) қилишга хизмат қилади.

Ж.БОТИРОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси.

Ф.САМАТОВ,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.