Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жиян амакига тиғ урди ёхуд ошкора қотиллик қиссаси...

Ўқимаган бўлсангиз, унинг ғоясини икки оғиз гап билан ифодалаш мумкин.

Асарда жиноят содир этилади. Ҳамманинг кўз ўнгида бўлган воқеалар охирини одамлар олдиндан билади, сезади. Ҳатто қурбоннинг ўзи ҳам. Аммо лоқайдлик, ҳафсаласизлик, беғамлик сабабли ёш ва бегуноҳ бир йигит ўлдирилади.

***

Хўжаобод қишлоғида нохуш хабар тарқалди. Жиян ўз амакисини пичоқлаб қўйганмиш. Аввалига арзимасдек туюлган мулк талашиш шундай оғир оқибатга олиб келибди.

Қўлбости маҳалласида мазкур жиноят тафсилотлари, унга сабаб бўлган омиллар муҳокама қилинди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари, туман ҳокимлиги вакиллари, фаоллар иштирок этган йиғилишда кўпчилик бир нарсани таъкидлади. Жиноятга қўл урган жиян аслида оғир-босиқ, мулоҳазали йигит бўлган. Амакиси билан мулк талашганини ҳам ҳеч ким билмаган (!). Маҳалла мутасаддилари ҳам, кексалар ҳам шундай дейишяпти. Гўё, бундай кўнгилсизликка нима сабаб бўлганини ҳеч ким билмайди.

Жиноят ҳуқуқида шундай қоида бор. Яъни, учинчи шахснинг иштирокисиз жиноят содир этилмайди! Бу дегани, камида унга етаклаган омиллардан ким(лар)дир албатта хабардор бўлади. Маҳалла институти дунёда ўхшаши йўқ тизим, деймиз. Атрофимизда юз берган сал кам ҚОТИЛЛИК ҳақида хабарим йўқ эди, дейиш қанчалик мантиққа тўғри келади?

Келинг, шу ўринда тафсилотларга тўхталамиз. Ўзи воқеа қандай содир бўлганди?

Қачонлардир колхоз ишчисига тўланмай қолган ойлик маоши ҳисобидан бир кафт ер хатлаб берилган. У ўша жойга кейинчалик, дўкон қуриб, фойдалана бошлайди. 2016 йилда мулкдор вафот этиб, дўкон фарзандларига мерос сифатида ўтади. Аммо, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб қўйиш на отанинг, на фарзандларнинг хаёлига келган. Ақалли, маҳалла ёки соҳага алоқадор мутасадди ташкилотлар бу ҳақда огоҳлантириш ёки маслаҳат ҳам бермагани кишини ўйлантиради.

Хуллас, дўконни отасидан мерос қилиб олган фарзанд ўша – амакисига тиғ урган жиян бўлади. Хўш, бунинг жиноятга нима алоқаси бор, дерсиз. Гап шундаки, ўтган йил бошларида амаки дўкон ўзиники экани, ҳужжатлари ҳам борлигини иддао қила бошлайди. Бир неча марта харидор етаклаб келиб, сотмоқчи бўлади. Бу орада ака-укалар келишиб, амакиларига маълум миқдорда "ижара" ҳам тўлашга рози бўлишади. Аввал бу таклифга кўнган амаки кўп ўтмай фикридан қайтади. Натижада, қарийб бир йил давом этган келишмовчилик жияннинг қўлига тиғ олиши билан якун топади.

Бўлган воқеа шундан иборат. Энди, мулоҳаза қилиб кўрайлик. Амаки-жиян ўртасида шунча можаро юз берган бўлсаю, бундан ҳеч ким хабардор бўлмаса? 

Модомики, муаммо мулк устида экан, мутасадди ташкилотларга, туман ҳокимлигига, борингки, судга мурожаат қилиш, ўзаро келишувга эришиш мумкин эди-ку. 

Давлатимиз раҳбари ҳар бир маърузасида маҳалла институтининг роли, жамоатчилик назоратини кучайтириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларга бар¬ҳам бериш масаласига тўхталяпти. Шу мақсадда профилактика инспекторлари, маҳалла мутахассислари, "Нуроний" жамғармаси фаоллари ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланяпти. "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази ташкил этилди. Аммо натижа-чи?

Йиғилишга айбланувчининг оила аъзолари ҳам таклиф қилинган экан. Турмуш ўртоғи беш яшар фарзандини ҳам олиб келибди. Қизалоқ одамларга бирма-бир кўз югуртиради. Онасига савол назари билан қарайди. Афтидан, бир неча ҳафтадан бери уйида кўринмай қолган дадасини излаяпти. Энди унинг савол акс этган нигоҳига "Мен бундан бехабар қолгандим", деб бўладими?

Муҳокамада қатнашган туман ҳокими У.Назаров жамоатчилик назорати борасида бир қатор камчилик ва муаммоларга тўхталди. Юз берган фожиага жамоатчилик вакилллари бирдай жавобгар эканини айтди. 

Қизиққонлик оқибатида жиноятга қўл урган жияннинг хулқ-атвори кўпчилик томонидан ижобий тавсифлангани инобатга олинди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ва суддан жамоатчилик кафиллиги асосида қонуний енгиллик берилиши сўралди.

Афсуски, жиноят содир бўлди. Жазо эса муқаррар. Бу ҳар биримизга сабоқ бўлиши керак. Шояд сергак тортсак. Сўзимиз охирида шарқ донишмандларидан бирининг фикрини эсга олсак: "Жиноятчи билан қўшни эканинг фарзандинг бўлажак жиноятчи бўлишини англатади". Бундай қисмат ҳеч биримизга керак эмас!

Орифжон ОДИЛОВ, "Жомбой тонги" мухбири.