Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жомбой интенсив кўчат экспорт қилади

Жомбой туманидаги фаолият бошлаган “Боғбон” агрокомплексида ташкил қилинган In vitro лабораториясида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари вегетатив усулда замонавий технологиялар асосида етиштирилмоқда.

Умумий қиймати 2,5 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида шу пайтгача хориждан олиб келинган мевали ва манзарали дарахт кўчатлари маҳаллий шароитда тайёрланмоқда. Лабораториянинг ишга туширилиши 80 та янги иш ўрни яратилишига замин яратди.

  - Фаолиятимизни бошлаган даврда хориждан олиб келинган кўчатларимизнинг ҳар бир донасининг таннархи 5 доллардан 20 долларгача етган, - дейди In vitro лабораторияси раҳбари Илёс Ҳайдаров. – Айни пайтда биз етиштираётган кўчатлар 3-3,5 доллар қийматга эга бўлмоқда. Энг муҳими, боғдорчилик билан шуғулланиш ниятида келган харидорларнинг самарали фаолият юритишлари учун уларнинг тупроқ шароитини ўрганиб, ерга мос кўчатларни тавсия қиламиз. Бунинг учун тупроқ ташхислаш лабораториямиз ҳам ташкил қилинган.

Лабораториянинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 15 миллиондан 20 миллион донагача пайвандтаг, пайвандланган кўчатлар етиштириш имконини беради. Жорий йил 4 миллиондан 6 миллион тупгача кўчат тайёрланди. Бу кўрсаткич 2021-2022 йилга бориб 20 миллионга етказилиши кўзда тутилган. Айни пайтда қўшни Туркманистон, Афғонистон, Қирғиз Республикаларидан буюртмалар келиб тушмоқда. 2023 йилдан лабораторияда етиштирилган кўчатлар экспортга чиқарилиши режалаштирилган.