Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жомбой туманида оғир ижтимоий вазиятдаги оилалар учун бепул уй-жой қуриляпти

Жомбой тумани Узуновул массивида оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, боқувчисини йўқотган оилалар учун ижтимоий ётоқхоналар бунёд этиляпти.

Қайд этиш жоизки, ушбу масканда жойлашган икки хонали, кичик ҳовлига эга хонадонлар эҳтиёжманд хотин-қизларга мулк ҳуқуқи эътироф этилмаган ҳолда беғараз, бепул ажратилади.

– Сентябрь ойида ижтимоий ётоқхоналарнинг дастлабки 13 таси фойдаланишга топширилади, – дейди туман архитектори И.Рашидов. – Ушбу уйларда яшаш учун барча шароитлар ҳисобга олинган. Лойиҳа давом этади. Жорий йил сўнгига қадар 25 нафар оғир ижтимоий вазиятдаги оилалар шундай уйларга кўчиб ўтиши кутилмоқда.

Қўлбости маҳалласида истиқомат қилиб келган М.Азимова оиласи учун бугун унитилмас кун бўлди. Ижтимоий ётоқхоналарнинг дастлабкисига кўчиб ўтган ушбу оилада икки нафар вояга етмаган болалар тарбияланмоқда.

– Узоқ вақт ижарада яшадик, – дейди М.Азимова. – Янги уй-жойлардан харид қилишга иқтисодий имконимиз етмасди. Биз каби хотин-қизлар учун имкон топган, муаммоларимизга ечим топилишида бош қўшган барча мутасаддилардан миннатдорман.