Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жомбойда 30 муассаса раҳбари нега жаримага тортилди?

Кейинги пайтларда интернетда Жомбой туман статистика бўлими тумандаги умумтаълим мактабларига “Статистика бўлимига 200 минг сўмдан пул ўтказиб беринглар», дегани, бу талаб бажарилмагач, ўз вақтида статистик ҳисоботларни топширмагани учун 31 та муассасага нисбатан энг кам иш ҳақининг 6 баравари миқдорида ноқонуний жарима қўллагани ҳақидаги хабар тарқалди.

Хўш, бу хабар нечоғлик асосли?

Биринчидан, Жомбой туман статистика бўлимидан олинган маълумотда келтирилишича, 31 та эмас, 30 та (29 та мактаб ва туман халқ таълими бўлими) таълим муассасасига нисбатан жарима қўлланилган.

Иккинчидан, муассасаларга энг кам ойлик иш ҳақининг 6 баравари эмас, 7 баробари миқдорида жарима белгиланган.

Булар мавжуд қонунчилик асосида қўлланилган. Яъни, Давлат статистика қўмитасининг 2017 йил 9 ноябрдаги қарорида 2018 йил учун 1-mehnat shakli (чораклик) давлат статистика ҳисоботини юридик шахслар ва уларнинг алоҳида бўлинмалари (кичик корхона ва микрофирмалар, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, жамоат бирлашмалари, ижтимоий фондлар, нодавлат муассасалар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ташқари) ҳисобот давридан кейинги ойнинг 4-санасидан кечиктирмаган ҳолда электрон шаклда тақдим этиши белгиланган.

Ҳисобот қамровини таъминлаш мақсадида барча ташкилотлар вилоят статистика бошқармаси ва ҳудудий бўлимлар томонидан ҳисоботни ўз вақтида, хато ва камчиликларсиз тақдим қилиши лозимлиги мунтазам равишда огоҳлантириб келинади. Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари орқали эълонлар берилади.

Хусусан, вилоят статистика бошқармаси томонидан 2018 йилнинг 24 декабрида вилоят халқ таълими бошқармасига чораклик ҳисоботни  2019 йилнинг 5 январидан кечиктирмасдан тақдим қилиш юзасидан тизим тасарруфида бўлган барча муассасаларга тегишли кўрсатмалар беришни сўраб хат юборилган. Аммо ҳисоботларнинг ёзма ва www.stat.uz, www.samstat.uz веб-сайтларида электрон кўринишда топширилиши тўғрисида огоҳлантиришларга қарамасдан, Жомбой туман халқ таълими бўлими ҳамда 29 та муассаса ҳисобот тақдим қилмаган. Оқибатда туман статистика бўлими бошлиғи томонидан 2019 йил 7 январда давлат статистика ҳисоботини тақдим этиш тартибини бузганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 215-моддасига асосан маъмурий жавобгарлик иши кўриб чиқилиши юзасидан чақирув хати юборилган. Таълим муассасалари 9 ва 10 январь кунлари ҳисоботларини тақдим этган.

Юқоридагиларга кўра, 15-24 январь кунлари туман статистика бўлими томонидан туманда жойлашган муассасалар раҳбарларига маъмурий жазо чоралари қўлланилган.

Аслида маъмурий ишни кўриб чиқиш жараёнида барча раҳбарлар шахсан иштирок этган ва ҳолат юзасидан тушунтириш хати ёзган.

Дилшод АЛМАТОВ,

вилоят статистика бошқармаси ахборот хизмати ходими.