Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жомбойда газ таъминоти идораси фалокат юз беришини кутдими?

Ушбу ҳолатни газетага чоп этишдан кўра, зудлик билан "Узтрансгаз" газ тарқатиш бўйича вилоят филиалига қўнғироқ қилиб, муаммони бартараф этиш лозим деган қарорга келдик. Филиал ходимлари аниқ манзил, истеъмолчининг телефон рақамларигача ёзиб олишди. Муаммо ўша куниёқ ҳал этилади деб ўйлагандик. Аммо…

Орадан ўн кунча ўтиб, матбуотда бошқа бир шаҳарда носоз газ баллони билан боғлиқ фожиани ўқиб, Жомбойдаги ҳолатдан яна бир хабардор бўлишни истадик. Афсуски, истеъмолчи ҳали ҳам носоз газ баллонидан фойдаланаётган экан. Бундан шундай хулосага келиш мумкин. Газ таъминоти бўйича вилоят филиали ҳам, туман участкаси ҳам токи бирор фожиа бўлиб, бир-икки инсон қаттиқ жабр кўрмагунча қимирламас экан.

Яқинда хизмат сафари билан Паст Дарғомга борганимизда аҳоли билан суҳбатлашарканмиз, энг аввало, носоз газ баллонлари масаласига қизиқдик. Ҳартугул Паст Дарғомда бу масалага эътибор бор экан. Бирор хонадонда носоз газ баллони бўлса, мутахассислар уни бошқасига алмаштиришаркан. Аммо туманда суюлтирилган газ бўйича   бошқа муаммолар бор - аҳолига маиший газ баллонлари етказиш икки ойгача чўзилиб кетмоқда.

Гулистон маҳалласида бўлганимизда худди шу масалада шикоят қилишди. Яна бир жиддий муаммо - маҳалладаги бир неча фуқаро маиший газ баллони учун газ таъминот идорасига ариза ёзганига икки йил бўлган. Аммо ҳали-ҳамон баллон олгани йўқ.

- Табиий газ, ўтин бўлмаган жойда тирикчилик қандай ўтишини тасаввур қилиб кўринг, - дейди Гулистон маҳалласида яшовчи М.Исмоилова. - Биз ахир, икки йилдан бери газ баллонимизни кутамиз. Ўша вақтда бунинг учун тўлов ҳам қилганмиз. Энди билсак, тўловимиз расман қабул қилинмаган экан…

Маҳаллага ҳудуд бўйича газ таъминот идораси 3-сон участка ходимларини таклиф қилдик. Мутахассислар истеъмолчилардан аризаларни "Гўзалкенттумангаз" идораси қабул қилгани, айни вақтда ушбу ташкилот ёпилиб, барча ҳужжатлар 3-сон газ тарқатиш участкасига ўтганини маълум қилишди. Аммо ҳужжатлар орасидан бизга мурожаат қилган фуқаронинг аризаси топилмади. М.Исмоилованинг икки йил олдин ариза ёзгани бўйича бирдан бир асос - газ баллони учун тўлов қоғози. Ачинарли ҳолат шундаки, ўша вақтда истеъмолчига на квитанция ва на    бошқа ҳужжат тақдим этилган. Фиғони фалаккка чиққан Исмоилова фақат битта гапни такрорлайди: "Пулни Азиза деган ходим олганди". Мазкур ҳолатни тасодифга йўйишимиз мумкин эди. Аммо биргина шу маҳалланинг ўзида ўша ходимга икки йил олдин ариза ва маблағ топширганлар оз эмас экан. Хўжасизлик, бошбошдоқлик ҳукм сурган идорада ўз вақтида қанча фуқаро алданган, қанча маблағ кирим қилинмаган, ҳисобига етиш қийин. Энг ёмони, аҳолининг кўр-кўрона, ҳеч қандай қоғозларсиз тўловни амалга ошириб, йиллар давомида газ баллонини кутиб келаётганида.

Маҳалла фуқароларининг мурожаатлари шу куни 3-сон участка ходимлари томонидан ёзиб олинди. Тез орада маиший газ баллони етказиладиган бўлди. Фақат улар энди яна бир бор тўлов қилишларига тўғри келади.

Айтиш керакки, маиший газ баллони етишмаслиги, суюлтирилган газ етказишдаги муаммолар фақат Паст Дарғомда эмас. Бундан олдин Пахтачи, Тойлоқ ва яна бир қатор туманларда ҳам шу муаммо бўйича мурожаатлар бўлди. "Ўзтрансгаз" газ тарқатиш бўйича вилоят филиали суюлтирилган газ тарқатиш бўлими ходимларидан масалага ойдинлик киритишни сўрадик.

Маълум бўлишича, июнь ойида суюлтирилган газ етказувчи корхоналардан бирида йирик таъмирлаш ишлари амалга оширилган, бу эса қатор ҳудудларга суюлтирилган газ етказишнинг кечикишига сабаб бўлган. Ҳозир эса таъмирлаш ишлари тугаб, яна аввалгидек тарқатиш йўлга қўйилган.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, аслида бир неча йилдан буён маиший газ баллонига ариза ёзиб, вақтида ололмаслик ҳамда суюлтирилган газ етказиш муддатларининг ўтиб кетиш ҳолатлари учраб туради. Буни мутахассислар газ таъминот идоралари транспорт воситаларининг етишмаслиги ҳамда маиший газ баллонлари сонининг озлиги билан   изоҳлашади. Айни пайтда вилоятда салкам 400 минг хонадон маиший газ баллонидан фойдаланади. Уларга хизмат кўрсатувчи техникалар эса 70 та! Ўтган йили 55 та эди. Газ тарқатиш бўйича вилоят филиали маълумотларига кўра, йил охиригача яна 10 та транспорт олинади. Бу ҳам муаммони бироз енгиллатиши мумкин, аммо бутунлай бартараф этолмайди. Худди шундай маиший газ баллонларига эҳтиёж ҳали бутунлай қондирилган эмас. Йил охиригача аҳолига салкам 15 мингта газ баллони етказиш режалаштирилгани қувонарли. Агар режа амалга ошса, албатта.

Ана шу муаммолар оқибатида бугун аҳолига ўз вақтида суюлтирилган газ етказиб берилмаяпти. Жорий йил 1 августдан эътиборан бир килограмм суюлтирилган газ нархи 800 сўм этиб белгиланди. Аҳоли эса вақтида етказилмаган суюлтирилган газни автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларидан сотиб олишга мажбур бўлмоқда. Кейинги вақтларда пропан нархи автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида 3500-3700 сўмга чиқиб кетди. Аҳоли маиший газ баллонларини ана шу нархларга тўлдираётгани ҳам оғир, ҳам аламли. Мутасаддиларнинг бунга ечим топишларига умид қиламиз.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,

"Зарафшон" мухбири.