Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Жомбойда тунги рейдлар ўтказилмоқда. Икки нафар вояга етмаган қизларга мураббий бириктирилди

Жиноятчилик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Жомбой туман хотин-қизлар қўмитаси туман ички ишлар бўлими билан ҳамкорликда тунги рейдлар ўтказмоқда. Январь ойидан бошлаб мунтазам равишда ўтказилаётган рейдлар давомида жамоат жойларида, маҳалла гузарлари, овқатланиш шохобчаларида назорат ишлари олиб борилаётир.

- Кечки тўққизларда вояга етмаган қизлар туман марказидан анча олисда бўлган маҳалладан келиб, ресторанда овқатланиб ўтириши ҳар қандай кишида шубҳа уйғотиши мумкин, - дейди Жомбой туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ҳафиза Ўсарова. – Вояга етмаган мактаб ўқувчилари кечки пайтда уйидан анча олисда бўлган ресторанга фақат овқатланиш учун келдик, деб изоҳ бераяпти. Аммо нопок ниятли кишилар қўлига тушиб қолсачи? Унинг асорати албатта жиноят билан тугайди. Бу қизларнинг шахсини аниқлаштирганимизда уларнинг бири нотинч оила фарзанди, яна бирининг ота-онаси хорижда эканлиги эканлиги маълум бўлди. Мактаб ўқитувчилари, ота-оналари, маҳаллага бу ҳақда хабар берилиб, уларга мураббий бириктирилди. Биттасига тикув машинаси ажратилиб, дарсдан бўш вақтларида тикиш-бичиш билан шуғулланиши учун тикувчига шогирд тушди

Шунингдек, рейдлар давомида тунги вақтда икки нафар аёл спиртли ичимликлар таъсирида маст аҳволда кўчада юргани аниқланиб, уларни даволатиш учун тегишли муассасага жўнатилди.

Айтиш керакки, бу каби рейдлар ҳамда бошқа тарғибот тадбирлари натижасида январь ойида туманда хотин-қизлар ҳамда вояга етмаганлар ўртасида жиноятлар қайд этилмади. Қолаверса, профилактика инспекторларининг маҳалланинг ўзида истиқомат қилиши, нотинч оиладаги вазиятга маҳалла мутахассиси билан  ўз вақтида кириб бориши ҳам яхши самара беряпти.

Гулруҳ МЎМИНОВА.