Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Картошка пули фермерларга қайтарилди

Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 февралдаги “Республикада уруғлик картошка етиштиришни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида уруғлик картошка етказиб берувчи ва маҳсулотни қабул қилувчи ташкилотлар ўртасида тузилган контрактация шартномалари қўпол равишда бузилиши ҳолатлари аниқланди.

2018 йилда Булунғур туманида 73 фермер хўжалиги томонидан ғалладан бўшаган ер майдонларига уруғлик ва озуқабоп картошка етиштириш режалаштирилган эди. Шу мақсадда уруғлик картошка етказиб бериш бўйича “Мароқанд мева сабзавот” МЧЖ ҳамда Тошкент вилоятида жойлашган “Агровер” МЧЖ билан шартномалар имзоланади. Унга кўра, 215,6 тонна уруғлик картошка харид қилиш учун “Агробанк” АТБ томонидан 69 фермер хўжалигига 1 млрд. 399 млн. 500 минг сўм, 28 тонна уруғлик картошка харид қилиш учун “Микрокредитбанк” АТБ томонидан 4 фермер хўжалигига 217 млн. 500 минг сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, “Мароқанд мева сабзавот” ҳисоб рақамига 1 млрд. 422 млн. сўм, “Агровер”га эса 195 млн. сўм маблағ ўтказилган.

Аммо, маҳсулот етказиб берувчи ташкилотлар томонидан шартнома шартлари қўпол тарзда бузилиб, фермер хўжаликлари учун уруғлик ва озуқабоп картошка етказилмаган. Оқибатда фермер хўжаликлари ғалладан бўшаган майдонга картошка эколмади.

Шунингдек, назорат тадбирлари давомида “Мароқанд мева сабзавот” ҳамда “Агровер” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан Жомбой ва Тойлоқ туманларидаги фермер хўжаликларига ҳам ғалладан бўшаган майдонларга экиш учун уруғлик картошка етказиб бериш бўйича тузилган контрактация шартномалари бажарилмаганлиги аниқланди.

Маҳсулот етказиб берилмаганидан кейин таъминотчилар уруғлик картошка учун тўланган жами 3 млрд. 125 млн. сўм маблағни фермер хўжаликларига қайтариб бериши керак эди. Аммо турли баҳоналар рўкач қилиниб, бу иш пайсалга солинган.

Мазкур ҳолат юзасидан инспекциянинг вилоят бошқармаси аралашуви билан олиб борилган терговга қадар теширув давомида ушбу пуллар фермер хўжаликлари ҳисоб рақамига қайтарилиши таъминланиб, фермерларнинг ҳуқуқлари тикланди.

А.ХУДОЁРОВ, инспекция вилоят бошқармаси бўлим бош инспектори.