Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Касб-ҳунар таълими тизимига “ҳалоллик вакцинаси” керак(ми?)

“Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак”.

Бугун вилоят касб-ҳунар таълими бошқармасида ўтказилган тадбир Президентимизнинг мурожаатномасида келтирилган ушбу сўзлар билан бошланди. Мурожаатнома мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган вазифалар, шунингдек, 2020 йил 18 январь куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлашга қаратилган тадбирда вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси, вилоят прокуратураси вакиллари ҳамда касб-ҳунар таълими муассасалари ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари иштирок этди.

- Кеча мурожаатномани тизимимизда фаолият олиб бораётган ҳар бир ходим катта қизиқиш билан кузатди, - дейди вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи А.Насимов. – Мурожаатномада белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш зиммамизга улкан масъулият юклади. Президентимиз 2020 йилни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб номлашни таклиф этар экан, рақамли иқтисодиётга фаол ўтиш – келгуси 5 йилдаги энг устувор вазифаларимиздан бири бўлишини алоҳида қайд этди. Мурожаатномада давлатимиз раҳбари “ҳалоллик вакцинаси” ҳақида сўз юритиб, у нима эканини ҳам очиб берди. Биз касб-ҳунар тизимидаги ходимлар ҳам бир тану-бир жон бўлиб, берилган вазифалар ижросини таъминлашга киришишимиз зарур.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).