Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Касса аппаратини ишлата олмайдиган сотувчи

Ҳар қандай тизимнинг қониқарли фаолият юритиши учун энг қуйи бўғин ишни тўғри ташкил қилиши зарур. Мамлакатимизда туман (шаҳар) доирасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ташкил этилгани бежиз эмас. Бу аҳолига янада қулайлик яратиб, муаммо ва мурожаатларни синчиклаб ўрганишда қўл келяпти.

Жамиятимиз томонидан тадбирлар, давра суҳбатлари, тарғибот-ташвиқот ишлари мунтазам ўтказилади. Аммо фуқароларнинг ўзида ҳам ҳуқуқий маданият шаклланмас экан, ижобий натижага эришиш қийин. Олайлик, бугун пластик карталар билан муомала қилишда деярли муаммо қолмади. Банкомат хизмати орқали истаганча маблағингизни нақдлаштириш имкони мавжуд. Пластик карта орқали савдо қилганда энди ҳеч ким қўшимча устама белгиламаяпти.

Аммо айрим ҳолатларда 4-5 фоиз эвазига "хизмат" кўрсатадиган "ҳожатбарорлар" ҳануз учраётгани ачинарли. Бунда кўпинча, банкоматда навбатда турмаслик, кўп миқдорда нақд пулни бирдан "ечиб олиш" каби баҳоналар билан ўзимизни оқлаймиз. Аввало, ўз ҳуқуқларимизни ўзимиз поймол қилаётганимиз, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий сиёсатни шубҳа остига қўяётганимизни ўйлаб кўрмаймиз.

Нақд пул билан савдо қилиш тизимида ҳам муаммоларимиз бор. Хусусан, нақд пулга чек олиш зарурлигини кўпчилик билмайди. Аслида, нафақат касса, балки товар чеки ҳам берилиши, унда қанча маблағ ҳисобига айнан қандай маҳсулот харид қилингани акс этиши керак. Шундагина истеъмолчи ҳуқуқларини тўлақонли ҳимоялаш имкони бўлади. Қолаверса, нақд пулга чек талаб қилиш билан миллий бюджет сиёсатимизни қўллаб-қувватлаган бўламиз.

Жомбой тумани марказидаги айрим савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ходимларимиз томонидан ўрганилди. Фаолияти рисоладагидек йўлга қўйилган дўконлар билан бир қаторда, ҳатто сотувчи касса аппаратини ишлатишни билмайдиган ҳолатлар аниқланди. Бу тизимда ҳали ечилмаган муаммолар борлигини англатади.

Ўйлаймизки, солиқ инспекцияси ва тадбиркорлар палатаси ҳам Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти билан ҳамкорлик қилиши керак.

Жомбой туман истеъмолчилар

ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти

матбуот ва ахборот бўлими.