Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Катталар кўрмаган нарсаларни мен қандай кўраман?

 -  Ҳавонинг ёққани яхши бўлмади-да.

-  Нега яхши бўлмайди? Лалми ернинг жони чиқай деб ётувди. Бориб қара, янги узилган бодрингдай диркиллаб турибди. Насиб қилса фермерлар планини бажариб қўйишади.

-  Сен шундай дейсан, лекин анов шаҳардаги одамларни кўр. Сувнинг устига гилам тўшаб ухлашди...

-  Сув балоси-да бу, нима ҳам қилолардик. Ўтган ишга саловат, дер эдими? Кел энди, яхши гаплардан гаплашайлик.

-  Ҳа... айтдим-қўйдимда. Қуёш чарақлаб чиқиб қолди. Бир-икки кун гиламларини офтобга ёйса қуриб қолади, дейин-а?! Баҳонада кўрпа-кўрпачаларини ҳам тин-тиндан чиқариб янгилаб олишади-да.

-  Шунга айтаманда яхши гаплардан гаплашайлик деб. Ҳар ишда ҳикмат бор, ошна. Тин-тинчиларнинг ҳам иши юришиб қолади. Озод тин-тин ҳам мардикорчиликка чиқмайди. Бу ҳам яхши-да.

-  Битта Озод тин-тингинг чиқмагани билан мардикор камайиб қолармиди?! Ана, “овошной”га бориб кўр. Одамлар кўчага чиқиб кетган. Машина ўтарга йўл йўқ. Уддабурон ҳайдовчиларгина машинасини ёнбош қилиб, иккита балонини кўтариб, ҳайдаб ўтаяпти.

-  Лофни ҳам оласан-да. У ердагилар мардикорликка чиқмаган-э! Иккита ошхона бор йўл устида, ўша ерда пиражкага навбатда туришади. Ҳалоли бўлсин пиражкачиларнинг. Роса ширин қилади. Тадбиркор-да!

-  Сен ҳам навбатда турганмисан дейманда, а?

-  Йўғ-е, ошна, эшитганимни айтаяпман-да. Яқинда нурободлик бир акахон билан гаплашиб қолдим. Шу киши айтиб берди. Ўн беш йилдан бери келаркан пиражка егани. “Бироз ноқулайлигини айтмаганда яхши жой. Шу... ёшлар бироз бесабрроқ-да, навбатни тушунмай катта йўлгача чиқиб кетишади”, - деди.

-  Шуни айтаман-да. Битта-яримтани машина уриб кетса нима бўлади?

-  Яхши ният қилайлик, ошна. Яхши гаплардан гаплашайлик.

-  Ҳа энди... айтдим-қўйдимда. Гап йўғида гапда бу ҳам. Битта одам билан пиражкахўр камаярмиди?

-  Мазах қилма, мен эшитганимни айтдим.

-  Мен ҳам эшитганимни айтаяпман-да.

-  Гапларингдан ўзинг гувоҳи бўлгандек-ку. Худди кўргандек гапираяпсан.

-  Э-э, қизиқмисан? Катталар кўрмаган нарсаларни мен қандай кўраман. “Зрениям” паст жуда. Айтсам ишонмайсан. Кеча шаҳарда “яма”ларни териб машинамни ҳайдаб кетаётгандим, ёмғир-у селдан сўнг яп-янги пайдо бўлганларини кўрмай қолибман-да. Бир жойга қарс этиб тушдим-у, таққа тўхтадим. “Развал” ке-етди, деб тушиб қарасам... балон ҳам йўқ-да. Шу алам қилиб тургани етмагандек, биттаси ўтаётиб иддао қилиб кетди: “Дарахтнинг каттакон шохи-ю, унга боғлаб қўйилган латтани кўрмаган бу кўз кўзми ёки пўстакнинг тешигими?!” деб. .. “Зрениям” паст деганимга сен ишонмаган улар ишонармиди?

-  Ростдан ўша латтани кўрмадингми?

-  Йўқда!

-  Қизил латта боғлашмаган экан-да. Буни айтиб, огоҳлантириш керак. Кўзга яхшироқ ташланарди. Ўтган ишга саловат энди.  Кел, шунақа гапларни  қўй, ошна. Яхши гаплардан гаплашайлик. Ёмонам дилим вайрон бўлиб кетяпти эшитиб. 

-   Дилинг вайрон бўлса докторга бор. “Ким келаркин” деб пашша қўриб ўтиришибди.

-  Шундай қилишим керак ўзи. Сен билан гаплашдим дегунча шу кўйга тушаман. Яхшиси  борақолай.

-  Майли, ошна, яхши бор. Кўчаларда эҳтиёт бўл, янги чуқурлар пайдо бўлган. Кейин яхши гаплардан гаплашишни истасанг, докторга боргунча МРТ-пемерталарга ҳам тушиб қўйма. Ўзлари яхши жойларни айтишади.

Аслиддин.