Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Каттақўрғон тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси мутасаддилари маъмурий жавобгарликка тортилди

Фуқаро И.Мизомовнинг туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан у билан тузилган меҳнат шартномасини ғайриқонуний бекор қилганлиги ҳамда тўлиқ ҳисоб-китоб қилинмаганлигидан норози бўлиб йўллаган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, И.Мизомов туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасининг 2018 йил 30 майдаги буйруғи билан каток ҳайдовчиси вазифасига ишга қабул қилинган. Раҳбар билан келиб чиққан келишмовчиликлар сабабли 2020 йил 16 март куни аризасига асосан эгаллаб турган вазифасидан озод этилган.

Мурожаат бўйича туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасидан ҳужжатлар чақириб олиб ўрганилди. Фуқаро И.Мизомов билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда Меҳнат кодекси талабларига риоя қилинмаганлиги, яъни вазифасидан озод этиш ҳақидаги буйруқдан нусха ходимга берилмаганлиги ва меҳнат дафтарчаси қайтарилмаганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, фуқаро И.Мизомовга фойдаланилмаган йиллик таътил компенсацияси ҳамда қолиб кетган иш ҳақлари учун 4 миллион 226 минг 708 сўм тўлаб берилмаганлиги аниқланди.

Ўрганиш якунлари бўйича фуқаро И.Мизомовга тўлаб берилмаган иш ҳақи ва компенсация тўлиқ ундириб берилди. Меҳнат қонунчилигига риоя қилмаган корхона масъул ходимлари маъмурий жаримага тортилди.

Ў.ҲАКИМОВ,

Каттақўрғон тумани адлия бўлими бошлиғи.