Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Каттақўрғонда 150 дан зиёд оила ажралиш арафасида, буни арзирли сабаби борми?!

Каттақўрғон туманида оилавий ажримлар 2018  йилда 24 тага камайган. Аммо айни пайтда 150 дан зиёд оила ажралиш арафасида. Ушбу оилаларда ажралишларга арзирли сабаблар борми? Шаръий никоҳ билан яшаётган оилалар сонини камайтириш учун нималарга эътибор қаратиш керак? Ажрашгач, фарзандини боқиш ва уй-жой масаласини ҳал қилиш нега аёл кишига қолиб кетмоқда?

Каттақўрғон туман ҳокимлигида  Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари Г.Парпиева ва М.Рабиева ҳамда фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси М.Тожибоев  иштирокида ўтказилган семинарда шу ҳақда сўз борди. Туман фаоллари, маҳаллалардаги хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисларга ажримларнинг олдини олиш борасида ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

- Ўтган йили оилалардаги вазият  ўрганилганда  63 оила шаръий никоҳ билан яшаётганлиги аниқланди, - дейди Каттақўрғон тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Л.Убайдуллаева. – Уларни қонуний никоҳдан ўтказиш бўйича иш олиб борилаётир. Ажралишга ариза берган оилаларнинг 60 тасига ярашишлари учун муҳлат берилди. Бу муддат давомида мутахассислар, нуроний онахонлар  улар билан ишлаяпти.

Семинар давомида Мўминхўжа ва Жонгил маҳаллаларида яшовчи, ажрашишга аҳд қилган икки оила яраштирилди. Эндиликда ажрашишга ҳаракат қилган эркак кишига қатъий чоралар белгиланиши, яъни алимент тўлови билан зарур бўлганда фарзандининг бошқа эҳтиёжларига ҳам маблағ топиб бериши, оиласини жой билан таъминлаши лозимлиги каби масаланинг ҳуқуқий жиҳатлари бўйича тушунча берилди.

Ўз мухбиримиз.