Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Каттақўрғонлик "Фармонбиби"

Каттақўрғон шаҳрининг Амир Темур маҳалласида яшовчи Зулфия Полвоновани таниган-билган кишилар шундай атар экан. Бу гап онахоннинг олти ўғил, бир қизнинг меҳрибон волидаси ва олти келин, бир куёвнинг суюкли қайнонаси, барча фарзандлари билан бир жойда яшашигагина боғлиқ эмаслигига суҳбат жараёнида амин бўлдик.

Кўпнинг ризқи бутун бўлади

Зулфия Полвонова Каттақўрғон шаҳрида туғилиб ўсган. Етти фарзандли катта оиланинг тўнғичи бўлган.

– Ота-онам оддий, лекин маърифатли киши эдилар, – дейди Зулфия опа. – Бизни ҳалол меҳнат қилиб вояга етказдилар, барчамизни ўқитиб, уйли-жойли қилдилар. Отамнинг асосий вақти ишда, йўлда ўтгани туфайли бизнинг таълим-тарбиямиз билан кўпроқ онам шуғулланган. Болалигимиздан нима яхши-ю, нима ёмон, қайси иш мумкин-у, қайси бири мумкин эмаслигини, увол-савобни ўргатишган. Оиламиз жуда тўқ яшамаган, аммо оч ҳам қолмаган. Кўпчиликнинг ризқи ҳам мўл бўларкан-да.

Топганимизни қўни-қўшни, қариндош-уруғ билан баҳам кўрганмиз. Рўзғор юки отамнинг зиммаларида бўлса ҳам онам борини тежаб-тергаб фойдаланишни яхши биларди. Нон пиширса, овқат қилса албатта, қўшнига узатардилар. Биргина бизнинг уйда эмас, барча хонадонда ана шундай рўзғор тутуми эди. Шунинг учун қўни-қўшнилар аҳил-иноқ, битта оиладек эди. Эшикка қулф урилмасди, маҳаллада уруш-жанжал, ўғрилик бўлмасди. Ҳозир эса кўп жойда, товоқ алмашиш-ку йўқ, ҳатто қўни-қўшни бир-бири билан юз кўрмас, маҳалладошини танимайди. Бунақа уйда хайр-барака бўладими? Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака кетади, деган гап бежиз айтилмаган-да.

Ҳар бир оиланинг “генплани” бўлиши керак

Педагогика институтини битирган Зулфия опа Каттақўрғондан Хатирчига келин бўлиб тушган. Ўша ерда мактабда болаларга сабоқ берган. Кейинчалик, савдо ходими бўлган турмуш ўртоғига кўмаклашиб ўзи ҳам шу соҳанинг одамига айланган. Ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш, ҳатто фермерлик фаолияти билан шуғулланган.

– Болаларимиз боғча ва мактабга боришда қийналгач, 1986 йилда Каттақўрғон шаҳридан ҳовли олиб, шу ерга кўчиб келдик, – дейди Зулфия Полвонова. – Fишт заводи қурдик, савдо кооперативи очдик. Замон зайлига қараб, қайси иш истиқболли бўлса, шу иш билан шуғулландик. Болаларни ўқитдик, бирин-кетин уйли-жойли қилдик. 2008 йилда шаҳардаги 50-60 сотих майдонни эгаллаган қурилиши чала қолган бино сотилаётганини эшитиб, бор маблағимизни шу объектга тикдик, уй-жойларимизни сотдик. Аукционда ғолиб бўлиб, бинони сотиб олгач, барчамиз шу ерда яшай бошладик. Бутун оиламиз билан тадбиркорлик фаолиятимизни янгидан йўлга қўйдик. Уй-жойимиздан кўра, тадбиркорлик учун бинолар қуришга эътибор бердик. Дастлаб иккита тикув машинаси харид қилиб, тикувчилик билан шуғулландик. Савдо дўкони очдик. Болаларимизни тадбиркорлик билан қилишга даъват этдик. Ўзимиз бош бўлиб, йўл-йўриқ кўрсатдик. Топганимиз ўртада бўлди. Барчамиз муштни бир жойга уриб, ҳаракат қилганимиз ўз самарасини бера бошлади. Тикув цехимиз кенгайиб, ҳозирда бу ерда йигирмага яқин ишчи, асосан, ўзимизнинг оила аъзоларимиз, маҳалламиз ёшлари меҳнат қиляпти. Фитнес клуб, гўзаллик салони, замонавий эшик-ромлар ишлаб чиқариш цехи очдик.

Иссиқхона хўжалигининг фойдаси ҳақида эшитиб, кўриб шу соҳада ҳам ўзимизни синаб кўришга қарор қилдик ва ўтган йил 12 сотих майдонда лимонарий ташкил этдик. Кўчатлар ҳали кичик бўлгани учун икки марта бодринг экиб олдик, яхши даромад қилса бўлар экан. Муҳими, болаларим, набираларим пешона тери билан меҳнат қилиб, унинг роҳатини кўришни ўрганяпти.

Шу тарзда ҳар бир ишни барчамиз бамаслаҳат бажарамиз, узоқни кўзлаб ҳаракат қиламиз. Кўпинча оиламиз жам бўлганда дадаси иккимизга “Сизлар генпланни тузиб беринг, биз бажарамиз”, дейишади ҳазиллашиб. Ана шундай оилавий суҳбатларимизнинг бирида давлатимиз бераётган имкониятлардан фойдаланиб, боғча қурсак, деб таклиф айтгандим. Бу гап болаларимга ҳам маъқул келиб, ҳаракатни бошлаб юборишди. Шаҳар ҳокимлиги қўллаб-қувватлади ва давлат-хусусий шериклик асосида бир йўла иккита – 100 ва 140 ўринли боғча қуряпмиз.

Ўғилларимнинг бири лойиҳа қилиб келди, бири қурилиш материаллари етказиб беряпти, бошқаси қурилишга бош бўляпти. Бир томонда боғча учун зарур мебель ва жиҳозларни тайёрлаяпмиз. Насиб этса, Наврўз байрами арафасида маҳалламиздаги боғчани фойдаланишга топширамиз. Бундан кейин мажмуамизнинг иккинчи қаватида 100 ўринли меҳмонхона ташкил этишга киришамиз. Яна бошқа режаларимиз ҳам бор.

Олти келин бир ҳовлида

Айни пайтда З.Полвонованинг фарзандлари бошқараётган савдо ва маиший хизмат мажмуалари, цехлар жойлашган бинонинг ортидаги турар жойда уларнинг ўзи истиқомат қилади. Олти келин бир жойда турмуш кечиради. Албатта, ҳар бирининг рўзғори алоҳида, аммо топиш-тутиши бир жойда. Янги лойиҳа, ташаббусларни биргаликда амалга оширишади. Оиланинг ёлғиз қизи ҳам ака-укалари билан биргаликда тадбиркорлик қилади. У тикув цехини бошқаради.

–  Қирқ киши шу ерда яшаймиз, – дейди Зулфия опа. – Болаларимнинг рўзғори алоҳида бўлса ҳам ҳар ҳафта якшанба куни ош дамлаб, барчамиз бир дастурхон атрофида тўпланамиз. Болаларим, келинларим шунга ўрганган. Набираларим ҳам барчаси ака-ука, опа-сингилдек ўсади. Бир-бирига меҳри ошади. Кўп режаларимизни ана шу дастурхон атрофида муҳокама этиб оламиз. Кимга нима керак, қандай режаси бор – эшитиб, амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Катта рўзғорнинг баракаси бошқача бўлади-да.

Кейинги пайтда қайнона-келин ўртасида юзага келаётган келишмовчиликлар, турли гап-сўзлар тез-тез қулоғимизга чалинадиган бўлиб қолди. Келинидан кўнгли тўлмаётган қайноналар ёки қайнонасидан норози келинларни ҳам учратамиз. Айрим оилавий ажримлар қайнона-келин муносабатлари билан боғлиқлиги бугун сир бўлмай қолди. Ана шундай паллада Зулфия опанинг олти келин билан бир ҳовлида яшаши, оиласидаги хотиржамлик, бараканинг сири нимада экан?

– Бунинг сири – мен келинларимни ўғилларимдан ортиқ кўраман, – дейди онахон. – Мунозарали пайтда ёки ўзаро тортишиб қолганларида келинларим тарафида бўламан. Кейин уларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашаман. Эр ёки хотиннинг хатосини ўзларини чақириб  тушунтираман ва келгусида бундай камчиликка йўл қўймасликка даъват этаман. Бирининг камчилигини иккинчисининг олдида юзига солмайман. Айрим оналар сингари ўғилларимни келинларимдан қизғанмайман. Тўғриси ҳам шу-да. Ахир у ўзи туғилиб ўсган хонадондан, ота-онасининг иссиқ бағридан боламни деб бу ерга келди. Жонини гаровга қўйиб, ўғлимнинг зурриёдларини дунёга келтиради. Бизнинг оилага мослашишга ҳаракат қилади. Қанақасига бундай инсонга зуғум қилиш мумкин. Ахир у менинг болам билан янги бир оилани яратяпти-ку. Бундай пайтда ҳар бир қайнона бағрини кенг очиб, келинини ўз қизидек қабул қилиши керак. У бир жойдан иккинчи жойга ўтқазилган ниҳол. Унга эътибор, ғамхўрлик кўрсатиш лозим. Келинни болам десанг, у сенга бағрини очади. Қабул қилмасанг, сендан узоқлашишга ҳаракат қилади.

Баъзида уришиб қолган қайнона-келин ёки ёш келин-куёвларни яраштириш учун маҳаллага чақиришади. Шундай пайтларда кўпроқ қайноналар, куёвларга оғирроқ бўлишни, муроса билан иш тутишни маслаҳат бераман. Келинга ҳам айтадиган сўзларим бўлади, албатта. Аммо кўпинча уларнинг ўзи билан гаплашишга ҳаракат қиламан. Яккама-якка суҳбатда кўнглини очиб гапиради-да. Барибир, келиннинг янги оилага мослашиши қайнонанинг бағрикенглигига, меҳрига боғлиқ, деб ҳисоблайман.

Катта келинимнинг бизнинг хонадонга келганига 26 йил бўлди. Ўтган йил қизларини турмушга узатдик, ўзи ҳам қайнона бўлди. Лекин ҳалигача мендан маслаҳат сўрайди. Бирор жойга бормоқчи бўлса, мени хабардор қилишни унутмайди. Менга айтмаса ҳам ҳеч нарса демайман, аммо шу одат бўлиб қолган. Бошқа келинларим ҳам шундай, катта овсинлари сингари оиламизга мослашиб кетган.

“Бувисининг тарбиясини олган қизни келин қиламиз”

– Ўтган йил катта ўғлимнинг қизларини сўраб келган совчилар шундай дейишди, – дея сўзида давом этади Зулфия опа. – Ҳаммамиз бир жойда яшаганимиз учун, набираларим, айниқса, қизлар тарбиясига ўзим эътибор бераман. Юриш-туриш, кийиниш маданияти дейсизми, рўзғор тутуми, меҳмон кутиш ва меҳмондорчиликка боришми – ўргатиб бораман. Чунки, қиз бола аввало, одамлар билан муомала-мулоқот қилишни, рўзғор юритишни ўрганиши керак.

Бўлажак куёвларнинг ота-онаси, оиласини суриштириб, яқиндан танишиб, қуда бўлдик. Икки неварамнинг ҳам сепига китоб солдим. Дабдабали сеп қилмадик, ўзларига энг зарур нарсаларни бердик. Ота-онанинг фарзандига берган яхши тарбияси, ўргатган касб-ҳунари унинг энг катта сепи-да. Қолганини ўзлари меҳнат қилиб топганлари маъқул. Шунда ҳар бир нарсанинг қадр-қиммати бўлади...

Очиғи, бу хонадонга Зулфия Полвонованинг тадбиркорлик фаолияти ҳақида мақола тайёрлаш ниятида борган эдик. Аммо, ўқиганингиздек, онахоннинг ҳар бир фикри, етмиш йиллик ҳаёти саҳифаларида иш фаолиятидан кўра, оиласи, фарзандлари билан боғлиқ хотиралар, айтилган ва айтилиши керак бўлган гаплари кўпроқ экан. Бундан шундай хулосага келдикки, аёл оддий ишчи-хизматчи ёки тадбиркор бўладими, юксак лавозимдаги раҳбар ёки депутатми у учун аввало, энг олий мақом – севимли ёр бўлиш, меҳрибон оналик ва бахти бутун оила бекалигидир.

Fолиб ҲАСАНОВ,

Алишер ИСРОИЛОВ (фото).