Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Кеп қолинг, “иссиқда қолган муздек” чалопга!..»

Ёзнинг жазирама кунларида муздек ичимлик ичиб чанқоқни қондиришга тўғри келади. Айниқса, узоқ манзилга кетаётган ҳайдовчи ва йўловчилар йўл ёқаларида сотувчилар томонидан сотилаётган салқин ичимликлар, жумладан, гўжа, чалоп, ўрик шарбати ичишни хуш кўради. Аммо, қўлидаги латтани айлантириб чорлаётган “шарбатчи”лар сотаётган ичимликлар истеъмолга яроқлими, санитария-гигиена талабларига жавоб берадими? Сотувчилар дўконлари олдида тахлаб ташланган турли ичимликларнинг куни билан қуёш тиғида туриб ўз хусусиятини йўқотишини биламизми? Харидорлар-чи, ичаётганларида ранги, таъми ўзгариб қолганини сезармикан?

– Кунора сафарга чиқишимга тўғри келади, - дейди Бурхон деган дўстимиз. – Ҳаво иссиқ эмасми уйдан олиб чиққан ичимлик сув ёки чой тезда исиб қолади. Шу сабабли “шарбатчилар” ёнида тўхтаб, муздек сув ёки чалопдан ичаман. Аммо баъзида қоринни оғритади. Бугунги кунда “газвода”чиларнинг ошиғи олчи. Ҳозирда Самарқанд шаҳрининг аҳоли гавжум бўлган жойлари, бозорларда, йўл ёқаларида қўлбола ускуна ўрнатиб олишган. Чанқагач, ҳар қадамда учрайдиган, санитария талабларига жавоб бермайдиган қўлбола сироплар аралаштириладиган газланган сув, морс ва бошқа турли шарбатлардан олиб ичишга мажбур бўласиз. Самарқанд шаҳрининг Даҳбед, Рудакий кўчаларида, шунингдек, «Шодиёна» савдо мажмуи ва Сиёб деҳқон бозори атрофида 30 га яқин «газводачи»лар ўрнашиб олган.

“Шодиёна” савдо мажмуи дарвозаси ёнида якка тартибдаги тадбиркор Ф.Ҳасановга қарашли дўкон бор. Дўконда фақат миллий ширинликлар, нон ва нон маҳсулотлари, музқаймоқ каби маҳсулотлар билан савдо қилишга рухсат берилган. Бироқ бу ерда газланган сув санитария-гигиена талабларига хилоф тарзда сотилмоқда. Дўкон сотувчиси Н.Жўрабоев махсус кийимларсиз, тиббий кўрикдан ўтмаган ҳолда савдо қилмоқда. Шунингдек, унинг рўпарасида жойлашган “Афродита-Самарқанд” МЧЖга қарашли дўконда газли ичимлик суви билан бирга картошкали пирожки ҳам сотилмоқда. Ошпаз Ж.Наимовда ҳам махсус кийим-бош йўқ. Кўча ошхонаси эса талабга жавоб бермайди. Харидорлар учун шароит яратилмаган. Қозон-ўчоқ, стол-стуллар, идиш ювиш жойи санитария талабларига жавоб бермайди.

– Аслида талабларга жавоб бермайдиган дўконларда бу каби фаолият тури билан шуғулланишга рухсат берилмайди, – дейди Самарқанд шаҳар ДСЭНМ мутахассиси Ҳасан Ҳамроев. – Аммо тадбиркорларимиз ноқонуний равишда шуғулланишади. Шу билан бирга махсус кийимсиз, бир марталик пластик идишлардан фойдаланишмасдан, харидорлар саломатлигини хавф остига қўйишади. Бир неча бор келиб огоҳлантирамиз, жарима қўллаймиз, аммо, барибир ўз ишини давом эттираверади.

Газли сув ускунаси эгаси М.Дадаев эса тиббий кўрикдан ўтган бўлса-да, солиқ идорасидан савдо қилиш ҳуқуқини берувчи патент олмаган экан. Демак, унинг ҳаракатлари ҳам ноқонуний.

Савдо мажмуасидан Сиёб бозори томон кўтарилишингиз билан зинапоя атрофдаги дўконлар сотувчилари томонидан эгаллаб олинганига гувоҳ бўлдик. Бу ерда яхна ичимликлар сотаётган сотувчилар орасида мактаб ўқувчиларнинг борлиги ажабланарли. Азимжон (ўқиётган мактаби ва фамилиясини айтишни истамади) 9-синфда ўқиса, яна бир “кичик сотувчи” З.Фозилов 7-синфда ўқир экан. У ҳам хусусий тадбиркорларнинг талаби билан зинапояга қўлбола газли сув ускунасини қўйиб, ювилмаган идишларда савдо қилмоқда. Уларда на патент бор, на тиббий кўрикдан ўтганлиги тўғрисида маълумотнома. Гигиенага тўғри келмайдиган кийимларда эрталабдан кечгача тик оёқда туриб сув сотади.

Шу ерда бир савол туғилади. Вояга етмаган болалар эрталабдан кечгача бозорларда, йўл ёқаларида савдо қилиши мумкинми? Уларнинг ишлашига рухсат берган савдо мажмуаси раҳбарлари қаёққа қараяпти? Ота-оналар-чи?

Маълум бўлишича, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят ва шаҳар ДСЭНМлари мутахассислари томонидан худди шу фаолият билан шуғулланиб, санитария-гигиена талабларини бузганларга нисбатан бирор марта чора кўрилмаган экан.

- Аслида кўчиб юрувчи газли ичимлик суви ускуналарида савдо қилиш умуман мумкин эмас, - дейди вилоят ДСЭНМ врач-мутахассиси Хайрулла Искандаров. – Тадбиркорлик ниқоби остида қўлбола ускуналарда савдо қилувчилар орасида ёш болаларнинг борлиги яхши эмас. Тартиб-қоидани бузганларга нисбатан энг кам иш ҳақининг 1 бараваридан 3 бараваригача жарима қўлланилиши лозим.

Айни ёз мавсуми бошлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида диарея, ичкетиш каби юқумли касалликлар билан оғриган беморлар тўла бошлайди. Уларнинг бу ерга келишига талабга жавоб бермайдиган маҳсулотларнинг истеъмол қилиши сабаб бўлмоқда.

Ўткир ичак инфекцияси, салмониллёз, гастроэнтрет, гастрит каби юқумли касалликлар келтириб чиқарувчи маҳсулотлар қаторига ҳафталаб иссиқда қолиб, кейин ўз эгасини топаётган қовун-тарвуз ва мева-чевалар ҳам киради.

- Самарқанд шаҳри Катта Ўзбек тракти устида жойлашгани учун ҳам кўча ва йўлларда сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларидан истеъмол қилиш натижасида ўткир инфекция касаллиги билан оғриб шифохонамизга мурожаат қилган йўловчи беморлар ҳам учраб турибди, - дейди вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонаси шифокори Лола Турсунқулова. – Улар орасида нафақат санитария талабларига жавоб бермайдиган озиқ-овқат маҳсулотларидан, балки кўча ва йўлларимизда сотилаётган салқин ичимликлардан истеъмол қилиш натижасида касалликка чалинганлари ҳам анчагина. Биргина ўтган ойнинг ўзида қарийб 350-400 нафарга яқин бемор шифохонада даволаниб чиқишди. Уларнинг тенг ярмини ёш болалар ташкил этади.

Дарҳақиқат, ҳар қандай сифатсиз маҳсулотни истеъмол қилиш ёки уни тайёрлашда меъёрга амал қилинмаса, бу шубҳасиз, заҳарга айланиши мумкин. Шунинг учун кўча-кўйда сотилаётган салқин ичимликларни истеъмол қилаётганда эҳтиёт бўлинг.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.