Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кичик саноат зоналарида иқтисодиётни ривожлантириш учун катта имкониятлар бор

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан "Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш ҳамда ресурслар салоҳиятидан кенг кўламда ва самарали фойдаланилишини таъминлашда кичик саноат зоналарининг роли" мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Мавзунинг иқтисодиёт ривожидаги долзарблигидан келиб чиқиб, тадбирда қатнашган Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик, қўмита ва идоралар, кичик саноат зоналари дирекциялари ҳамда корхоналар раҳбарлари кичик саноат зоналаридаги ҳолат ва уларнинг муаммоларини муҳокама қилишди. 

Кейинги йилларда мамлакатимизда кичик саноат зоналарини ташкил этиш, уларнинг фаолиятини тартибга солувчи мустаҳкам норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш, эркин иқтисодий ва саноат зоналарини ривожлантиришга хорижий ҳамда маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш имконини берадиган солиқ, божхона имтиёзлари ва енгилликлари яратилди. Шундан келиб чиқиб, бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш, янги корхоналар ташкил этишни рағбатлантириш мақсадида ушбу иншоот негизида кичик саноат зоналари ташкил этилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиздаги кичик саноат зоналари 80 тага етди. Мазкур зоналарнинг ҳар бирида дирекциялар ташкил этилган бўлиб, кредит олиш ва банк хизматларидан фойдаланишда муаммо бўлмаслиги учун ҳар бир зонага муайян тижорат банки бириктирилган. Ҳозиргача ушбу ҳудудларда умумий қиймати 990 миллиард сўмга тенг 711 лойиҳа амалга оширилган, 15 мингдан зиёд иш ўрни яратилган.

Кичик саноат зоналарида фаолият кўрсатадиган корхоналарга, киритиладиган инвестициялар ҳажмига қараб, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар қўлланилмоқда. Жумладан, кичик саноат зонасида фаолият кўрсатувчи субъектлар 2 йил барча солиқлардан озод этилган. Шунингдек, йиллик пул айланмаси энг кам иш ҳақининг 2 минг бараваридан кам бўлмаганда ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг камида 30 фоизи экспорт қилинганда мазкур корхона қўшимча яна 2 йил солиқдан озод этилиши белгиланган.

Шу билан бирга, кичик саноат зоналари фаолиятини ташкил этишда айрим камчилик ва муаммолар ҳам мавжуд. Жумладан, кичик саноат зоналари ҳудудларида жойлаштириш учун лойиҳаларни танлашнинг аниқ мезонлари мавжуд эмас. Лойиҳаларга мувофиқ зарур муҳандислик-коммуникация ва инфратузилмалар қурилишини таъминлаш ишлари етарли даражада амалга оширилмаяпти. Ҳудудларда кичик саноат зоналари иштирокчиларининг муаммоларини доимий ўрганиб бориш ҳамда уларни оператив ҳал этиш бўйича ҳам худди шундай ҳолат кузатилмоқда. Шунингдек, тадбиркорларга хизмат кўрсатувчи банклар томонидан имтиёзли кредит фоиз ставкаси аниқ бўлмаётганлиги, электр энергияси, табиий газ ва ичимлик сув таъминоти ҳамда ҳудудга олиб борувчи йўлларнинг носозлиги каби муаммолар мавжуд. 
Тадбир иштирокчилари ушбу муаммоларга ечим топиш, кичик саноат зоналарининг жадал ривожланишини таъминлаш учун фойдаланилмаган имкониятлар ва захираларни ишга солиш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. 

Собитхон ТУРСУНОВ,
Алишер МАХМАТМУРОДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари.