Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кимлар муддатидан олдин овоз бераяпти?

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 57-моддасига мувофиқ, муддатидан олдин овоз бериш сайловга 10 кун қолганида бошланади ва сайловга 3 кун қолганида тугалланади.

Шу боис вилоятимиз шаҳар ва туманларидаги 1051 та сайлов участкаларида сайловчиларга овоз бериш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Уларда 2 миллион 312 минг нафар сайловчилар рўйхати шакллантирилган. Қайд этиш лозимки, сайловчиларнинг 77 минг нафардан зиёди биринчи марта овоз берадиган ёшлар ҳисобланади.

- Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти тегишли округ сайлов комиссиялари томонидан белгиланиб, сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилди, - дейди вилоят сайлов комиссияси котиби А.Бўрибоев. – Амалдаги қоидага кўра, муддатидан олдин овоз бериш жараёнига жорий йилнинг 12 декабрь куни соат 09:00 дан рухсат берилди.

Ушбу санадан эътиборан сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган сайловчилар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига кўрсатилган номзодларга овоз бериши мумкин.

- Сайлов куни хизмат сафарида бўламан, - дейди Самарқанд шаҳар Сўфи Розиқ маҳалласида яшовчи Ҳабибулла Иброҳимов. - Шу боис маҳаллада ташкил қилинган участка сайлов комиссиясига сайлов куни мамлакат ҳудудди бўлмаслигим ҳақида ариза билан мурожаат қилиб, муддатидан олдин овоз бердим.

Муҳаббат Сулаймонова, Қурбоной Ёрова ҳамда Назокат Очилова ҳам Умра сафарига жўнаб кетаётганлиги учун ўз ҳудудларидаги сайлов участкасига бориб, миллий қонунчилигимизда белгиланган ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда муддатидан олдин овоз берди.

Шаҳзод Абдураимов Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг 4-босқичида таҳсил олади. У 22 декабр куни чет элда ўқув амалиётида бўлади. Шу сабабли муддатидан олдин ўз танлаган номзодига овоз берди.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, сайловчи тўлдирилган сайлов бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради ва у тегишли участка сайлов комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг икки нафар аъзоси имзоси қўйилиб, комиссиянинг муҳри ва овоз берувчининг имзоси билан тасдиқланади. Cайлов куни участка сайлов комиссияси раиси ёки раис ўринбосари комиссия аъзолари билан биргаликда муддатидан олдин овоз бериш бюллетенлари солинган ёпиқ конвертларни сайлов қутисига ташлайди.

Сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш 18 декабрь куни соат 18:00 га қадар давом этади.

Ё.ГАДОЕВ.