Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кимнидир айблаш эмас, муаммони ҳал этиш ҳақида ўйлайлик

Ярим йилдан ошдики, дунё коронавирус билан курашмоқда. Касалланганлар сони кун сайин ортмоқда. Жаҳоннинг “мана-ман”, деган давлатларининг тиббиёт тизими ҳам ушбу вирусга қарши курашда қийналмоқда, кутилмаган, катта босимга дош беролмаяпти.

Албатта, битта бемор борлиги ҳам ўйлантирадиган ҳолат. Лекин барибир, юртимизда шифохоналарда даволанаётган беморлар 10 мингга яқин экани вазиятимиз бошқа давлатларга нисбатан енгилроқ эканини англатади. Агар тезкор, қатъий чоралар кўрилмаганида, бугун бу рақам эҳтимол 3-4 баробар кўпроқ бўлиши мумкин эди.

Давлатимиз раҳбари биринчи бемор расман қайд этилган пайтдан бошлаб қанча йиғилиш ўтказган бўлмасин, барчасида пандемия масаласига алоҳида тўхталган, мутасаддиларга ҳушёр бўлишни, қийин ҳолатларга тайёр туришни таъкидлаган. Аммо кейинги ҳафталарда беморлар сони кўпайиб бориши оқибатида соғлиқни сақлаш тизимидан норозилар, шикоятлар кўпайди. Бу ҳолат мутасаддилар йиғилишларда қайта-қайта эслатилган масалага, долзарб вазифага чуқур таҳлилий ёндашмаганини кўрсатди, деб ўйлайман.

Мутахассис эмасман, аммо ўйлашимча, бошқа давлатларда кузатилаётган ҳолатни ҳисобга олиб, мамлакатимизда 20-30 минг беморга сифатли тиббий хизмат кўрсата оладиган захира тайёрлаш зарур эди. Бунга оз эмас, 2-3 ой вақт бор эди. Афсуски, соҳалардаги раҳбарларда бирдамлик, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш, тизимли иш юритиш етишмагандек туюлмоқда. Бир сайловчимга коронавирусдан муолажа бўйича ёрдам керак бўлганда, ўзим шуғулланиб, шундай хулосага келдим. Бир муассаса унисига, униси эса наригисига солади.

Ўйлашимча, вазирликлар, республика идоралари даражасида юзага келиши мумкин бўлган оғирроқ вазиятни ҳисобга олиб, ҳаракат қилинмаслиги натижасида одамлар қуйи тизимдан кўпроқ норози бўлмоқда. Чунки бемор учун қаршисида турган оқ халатли шифокор ёки ҳамшира бутун вазирликни билдиради. Агар беморга тез, сифатли ёрдам кўрсатилмаса, у бунинг сабаблари билан ҳисоблашишга, тушунишга мажбур эмас, аксинча, бутун тизимдан норози бўлади.

Кейинги кунларда маълум бўлаяптики, айрим масалаларда шифокорларга ҳам ваъда қилинган шароит яратилмаган. Хусусан, хавфли шароитда ишлагани учун режа қилинган маблағ берилмаган. Мана шу биргина камчилик учун бир неча вазирлик-идоралар тенг жавобгар, деб ўйлайман. Ҳамма масалада битта-иккита ташкилотни ёки фақат соғлиқни сақлаш вазирлигини айблайвериш тўғри эмас. Айрим масалалар борки, вазирлик истагани билан ҳал қилолмайди.

Давлатимиз раҳбари 15 июль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги кейинги бир ойда коронавирусни даволаш стратегияси ва тактикаси кескин бузилгани, реал ҳолатдан келиб чиқиб, даволаш амалиёти ўзгартирилмаганини танқид остига олди. Тошкент шаҳар ҳокимлигига камида 3 ойлик дори-дармон ва ҳимоя воситалари захирасини шакллантириш вазифаси қўйилди. Бу вазифа ҳамма ҳудудлар учун тегишли ва долзарб.

Ўз навбатида, шифокор ва ҳамшираларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Лекин ажратилган пуллар ҳар хил қинғир йўллар билан ўзлаштирилаётгани ҳақидаги хабарлар кунора чиқиб турибди. Бу ҳолатга ҳам биринчи галда умумий тизимдаги муаммолар, юқоридан изчил чоралар кўрилмагани, қатъий, шаффоф тизим яратилмагани сабаб бўлмоқда. Албатта, партиямиз фракцияси Давлат бюджети ижросининг олти ойлик якунлари парламентда муҳокама қилинганда, бу масалада ҳукуматга тегишли таклифини берди.

Шунинг учун республика ва ҳудудлар миқёсида мутасадди раҳбарларнинг ишига аниқ кўрсатадиган, керак бўлса, қатъий чоралар кўрадиган вақт келди, деб ўйлайман. Акс ҳолда, айрим боқибеғам раҳбарларни, деб ҳақиқий фидойилар, айбсиз айбдорлар ёмонотлиқ бўлиб қолаверади.

Бу жараёнда парламент аъзоларининг ҳақиқий ўрни, иштироки қандай бўлиши ҳақида ҳам ўйлаб кўришимиз керак. Тўғри, депутатлар пандемия даврида ҳудудлардаги ҳолат билан бевосита танишиб, вазиятни таҳлил қилиб, керак пайтда ҳокимликлар ва вазирликларга таклифлар бермоқда, баъзи масалаларда амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Аммо мураккаблашаётган ҳолатдан чиқиб, кўпроқ масъулиятли, таъсирчан механизмлар асосида ишлашимиз янада катта аҳамиятга эга бўларди.

Шербек БЎРОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.