Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кимнидир айблашни эмас, муаммони ҳал этиш ҳақида ўйлайлик

Ярим йилдан ошдики, дунё коронавирус билан курашмоқда. Касалланганлар сони кун сайин ортмоқда. Жаҳоннинг “мана-ман”, деган давлатларининг тиббиёт тизими ҳам ушбу вирусга қарши курашда қийналмоқда, кутилмаган, катта босимга дош беролмаяпти.

Албатта, битта бемор борлиги ҳам ўйлантирадиган ҳолат. Лекин юртимизда шифохоналарда даволанаётган беморлар 10 мингга яқин экани вазиятимиз бошқа давлатларга нисбатан енгилроқ эканини англатади. Агар тезкор, қатъий чоралар кўрилмаганида бугун бу рақам эҳтимол 3-4 баробар кўпроқ бўлиши мумкин эди.

Давлатимиз раҳбари биринчи бемор расман қайд этилган пайтдан бошлаб қанча йиғилиш ўтказган бўлмасин, барчасида пандемия масаласига алоҳида тўхталган, мутасаддиларга хушёр бўлишни, қийин ҳолатларга тайёр туришни таъкидлаган. Аммо кейинги ҳафталарда беморлар сони кўпайиб бориши натижасида соғлиқни сақлаш тизимидан норозилар, шикоятлар кўпайди. Бу ҳолат мутасаддилар йиғилишларда қайта-қайта эслатилган масалага, долзарб вазифага чуқур таҳлилий ёндашмаганини кўрсатди, деб ўйлайман.

Мен мутахассис эмасман, аммо ўйлашимча, бошқа давлатларда кузатилаётган ҳолатни ҳисобга олиб, мамлакатимизда 20-30 минг беморга сифатли тиббий хизмат кўрсата оладиган захира тайёрлаш зарур эди. Бунга оз эмас, 2-3 ой вақт бор эди. Афсуски, соҳалардаги раҳбарларда бирдамлик, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш, тизимли иш юритиш фаолияти етишмагандек туюлмоқда. Бир сайловчига коронавирусдан муолажа бўйича ёрдам керак бўлганда, ўзим шуғулланиб, шундай хулосага келдим. Бир муассаса унисига, униси эса наригисига солади.

Вазирликлар, республика идоралари даражасида юзага келиши мумкин бўлган оғирроқ вазиятни ҳисобга олиб ҳаракат қилинмаслиги натижасида одамлар қуйи тизимдан кўпроқ норози бўлмоқда. Чунки бемор учун қаршисида турган оқ халатли шифокор ёки ҳамшира бутун вазирликни билдиради. Агар беморга тез, сифатли ёрдам кўрсатилмаса, у бунинг сабаблари билан ҳисоблашишга, тушунишга мажбур эмас. Аксинча, у бутун тизимдан норози бўлади.

Кейинги кунларда шифокорларнинг мурожаатларидан ҳам билиняптики, айрим масалаларда уларга ҳам ваъда берилган шароит яратилмаган. Хусусан, хавфли шароитда ишлагани учун режа қилинган маблағ берилмаган. Мана шу биргина камчилик учун бир неча вазирлик, идоралар тенг жавобгар, деб ўйлайман. Ҳамма масалада битта-иккита ташкилотни ёки фақат Соғлиқни сақлаш вазирлигини айблайвериш тўғри эмас. Айрим масалалар борки, вазирлик истагани билан ҳал қилолмайди.

Давлатимиз раҳбари 15 июль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги кейинги бир ойда коронавирусни даволаш стратегияси ва тактикаси кескин бузилгани, реал ҳолатдан келиб чиқиб, даволаш амалиёти ўзгартирилмаганини танқид остига олди. Тошкент шаҳар ҳокимлигига камида 3 ойлик дори-дармон ва ҳимоя воситалари захирасини шакллантириш вазифаси қўйилди. Бу вазифа ҳамма ҳудудлар учун тегишли ва долзарб. Вазирлик, мутасаддилар вазият ҳозиргидан ҳам мураккаблашиши мумкинлигини инобатга олиб, ҳаракат қилиши зарур.

Шифокорларга эҳтиёж ҳам ошиб бормоқда. Қайсидир шифокорларимиз эса ўз хоҳиши билан ишдан бўшаб кетяпти. Тиббиёт муассасаларини шифокор ва ҳамширалар билан тўлиқ таъминлаш чораларини кўриш керак. Уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Лекин ажратилган пуллар ҳар хил қинғир йўллар билан ўзлаштирилаётгани ҳақидаги хабарлар кунора чиқиб турибди. Бу ҳолатга ҳам биринчи галда умумий тизимдаги муаммолар, юқоридан изчил чоралар кўрилмагани, қатъий, шаффоф тизим яратилмагани сабаб бўлмоқда. Партиямиз фракцияси Давлат бюджети ижросининг олти ойлик якунлари парламентда муҳокама қилинганда, бу масалада ҳукуматга тегишли таклифини берди.

Шунинг учун республика ва ҳудудлар миқёсида мутасадди раҳбарларнинг ишига баҳо берадиган, керак бўлса, қатъий чоралар кўрадиган вақт келди. Акс ҳолда, айрим боқибеғам раҳбарларни деб, ҳақиқий фидойилар, айбсиз айбдорлар ёмонотлиқ бўлиб қолаверади.

Бу жараёнда парламент аъзоларининг ўрни, иштироки қандай бўлиши ҳақида ҳам ўйлаб кўришимиз керакка ўхшамоқда. Тўғри, депутатлар пандемия даврида ҳудудлардаги ҳолат билан бевосита танишиб, вазиятни таҳлил қилиб, керак пайтда ҳокимликлар ва вазирликларга таклифлар бермоқда, баъзи масалаларда амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Аммо мураккаблашаётган ҳолатдан чиқиб, кўпроқ масъулиятли, таъсирчан механизмлар асосида ишлашимиз янада катта аҳамиятга эга бўларди.

Шербек БЎРОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.