Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кимёгарликлар нега эрталаб югурмай қўйишди?

Ижтимоий  тармоқларда ғалати хабарга кўзим тушди. Швецарияликлар ҳаво сотишни бошлашибди. 7 литр Альп тоғлари ҳавоси жойланган махсус баллонча 21 доллар баҳоланибди (бу дегани 120 марта нафас олишингиз тахминан 200 минг сўмга тушади).  Ана холос, сотилмаган, пулга чақилмаган шу ҳаво қолганди. Шунга ҳам етиб келибмиз.

Саноат ўта ривожланган мегаполисларда (айниқса, Хитой) кишилар оғиз-бурунларига маска тақиб юришларига, машиналар ҳайдовчилари кундуз куни 4 метр масофани кўролмай, автоҳалокатлар содир этилаётгани ҳақидаги ҳабарларга ҳам кўзимиз тушган янгиликларда. Энди эса ҳаво бизнеси бошланибди...

Самарқанд шаҳрининг Кимёгарлар қўрғонида яшовчиларнинг ташвиши, шикоятлари асосида юзага келган туркум мақолалар ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида жуда кенг ёритилди. Гектарлаб майдонни эгаллаган чиқинди майдонлари “ёппасига” ёқиб юборилмайдиган бўлди. Гўё,  муаммо шу билан вақтинча бўлса-да, ҳал этилди.

Эътибор берганмисиз, кечки пайт ҳавони чанг, тўзон, тутунми ёки туман қоплаб оляпти, нафас олиш қийин. Қор ёққанда, бу ҳолат бироз ўзгарганди. Оқлик - поклик деганларидай, қор кўп айбларимизни бекитиб турганди. Энди яна ўша ҳолат такрорланяпти. Нималигини билолмайсан, чангми, тутунми ё бошқа нарса? Бир танишимнинг айтишича, бу қуёш нурлари остида кундузи кўринмайдиган, биз нафас олаётган, ютаётган ҳаво экан. Наҳотки, биз шундай ҳаводан нафас олаётган бўлсак?!

Аниқроғи, шаҳарда бир кунда икки маҳал: эрталаб ва кечқурун транспорт воситалари қатновининг жадаллашиши ҳисобига, шаҳар об-ҳавоси кескин бузилади. Автомашиналаримиздан чиқаётган заҳарли тутун кичик шаҳримизнинг атмосфера ҳавосига яхшигина зарар келтиради.

Бизда саноат у даражада ривожланмаган, зарарли тутунлар чиқарадиган завод-фабрикалар шаҳардан узоқда жойлашган бўлса, аҳоли яшайдиган ҳудудлардаги ишлаб чиқариш корхоналари чиқиндиларини фильтрлаётган бўлишса, нега нафас олиш мушкуллашиб боряпти? Биргина автомашиналар ҳавони шунча булғаяптими?

Қиш фаслида ўзи табиат ранглари бироз хиралашиши бор гап. Аммо теварак-атроф кулранг тусга кирса, ғалати бўлар экан. Талабаликда, ёзги таътил пайтлари қариндошлардан хабар олгани қишлоққа борардик. Раҳматли энам ҳар хил тансиқ егуликларни бизга илинаверар ва ҳар гапида “Сут-қатиқдан, ёнғоқ-майиздан кўпроқ е, болам! Шаҳарда бунақа нарсалар топилмайди. Сувидан ичолмайсан, ҳавосидан нафас олиб бўлмайди, бўғиласан,” дерди. Буни кексаларнинг инжиқлигига йўйардим! Бу сўзларининг маъносини энди-энди тушуняпман.

Эҳ, доно, оқила ва меҳрибон энажоним-а!

Тонгда яқинларим югуришни одат қилишганди. Бундан кайфиятлари кўтарилади, соғлом бўлишади, стресслари кетади, деб хурсанд бўлардим. Бугун улар югуришни тўхтатиб қўйишди. “Эриниб қолдингизми, нега  югурмаяпсиз” десам, тонгда мусаффо бўладиган ҳаво ҳозирда тутун бўлиб қолаётганмиш. Бу ҳақиқат.

Бу кетишда тез орада “Альп баллончалари” ўзимизга ҳам керак бўлиб қоладиёв.

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.