Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Китоб жавоними ёки ёғоч қўриқчими?

Самарқанд шаҳридаги Кўксарой майдонидан ўтаётиб хунук манзаранинг гувоҳи бўлдим: хиёбонда ўрнатилган китоб жавони гўё бошини эгиб, мунғайибгина турибди.

Миллий гвардиянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ҳарбий хизматчилари Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 ташаббуснинг 4-йўналиши ижросини таъминлаш, ёшларнинг китобга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида 2019 йил 26 июнь куни Самарқанд шаҳридаги Кўксарой майдони ҳамда Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳудудига китоб жавонлари ўрнатганди. Ўшанда китоб жавонларига турли бадиий китоблар қўйилди. Бу ерга ташриф буюрувчилар китобларни олиб ўқиб, яна жойига қўйиб кетиши керак бўлган.

2019 йил 30 июнь куни Zarnews.uz телеграм каналида КУН ФОТОСИ рукнида “Мана бир неча кун ўтган бўлса-да, Самарқанд шаҳридаги Кўксарой хиёбонига ўрнатилган жавон ҳали ҳам бўм-бўш. Мазкур китоб жавони нима мақсадда қўйилган?” деб луқма берилганди.

Бунга Миллий гвардия вилоят бошқармаси бунга жавобан қуйидагиларни маълум қилганди:

"Ҳамшаҳарларимиз томонидан жавондаги китоблар олиб кетилган, лекин қайтарилмаган. Кўксарой майдонидаги жавонга икки марта, Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳудудидаги жавонга эса уч марта 200 га яқин китоб қўйилган. Китобларни ўғирлатмаслик мақсадида келгусида мазкур жавонларга тўлиқ видеокузатув ускуналарини ўрнатиш режалаштирилган".

Китоблар йўқолишига кўникдик, аммо бўм-бўш китоб жавонининг кимга оғирлиги тушдики, уни яроқсиз аҳволга келтириб қўйди? Бугун аҳоли ва шаҳримиз меҳмонлари билан гавжум бўладиган хиёбондаги китоб жавони токзорларга ўрнатиладиган ёғоч қўриқчини эслатади. Лекин ёғоч қўриқчичалик нафи йўқ. Аксинча, хиёбон ҳуснини бузиб турибди.

Китобларни жойига қайтармайдиган фуқароларнинг қалбида инсоф туйғуси, китобхонлик маданияти шаклланмагунча, ҳеч бўлмаса видеокузатув камералари ўрнатилмагунча хиёбонга китоб жавони қўйилмаса мақсадга мувофиқ бўлмасмикан?

Тўлқин Сиддиқов.