Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Коллежлар нега тугатилаяпти? Энди касб-ҳунарга қаерда, қандай ўқитилади?

Умумий, ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ривожланишининг таҳлили тизим бугунги кун талабларига жавоб бермаслигини ва туб ислоҳотларга муҳтож эканлигини кўрсатди.

Биринчидан, касб-ҳунар коллежлари аҳоли яшаш жойларига яқин бўлмаган масофада жойлаштирилган. Шунингдек, ҳудудларда транспорт инфратузилмаси етарли даражада ривожланмаганлиги ҳамда ноқулай об-ҳаво шароитлари сабаб ўқувчилар оммавий равишда дарс машғулотларини қолдиришига олиб келмоқда.

Иккинчидан, касб-ҳунар коллежларининг моддий-техник базасини шакллантиришнинг мавжуд амалиёти таълим йўналишларига жавоб бермайдиган ўқув устахоналари ташкил этилишига, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар билан етарли даражада таъминланмаслигига олиб келди. Ўрганиш натижаларига кўра, касб-ҳунар коллежларининг моддий-техник жиҳозланишини ўртача даражаси 56 фоизни ташкил этади. 31 та касб-ҳунар коллежлари умуман ўқув устахоналари билан таъминланмаган.

Учинчидан, етарли даражада молиялаштирилмаганлиги сабабли кўплаб зарур дарслик ва ўқув қўлланмалар нашр этилмади. Дарсликларнинг 50 фоизи рус ва қорақалпоқ тилларига таржима этилмаган, амалдаги дарсликлар бирор марта янгиланмаган.

Тўртинчидан, таълим муассасаларида кадрлар тайёрлаш тизими ҳудудлардаги иқтисодий тармоқларнинг реал эҳтиёжларидан ортда қолганлиги, шунингдек, белгиланган қабул квоталарида меҳнат бозори конъюктураси ва ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш имкониятлари ҳисобга олинмаслиги битирувчиларни ишга жойлаштиришда кўплаб қийинчиликларни туғдирди.

Бешинчидан, коллежлардаги мавжуд ўқув жараёнини ташкил этишнинг ҳозирги ҳолати, қўлланилаётган ўқув-норматив ҳужжатлар ҳамда ўқитиш муддатлари касбларнинг мураккаблик даражасига жавоб бермаслиги, ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил этишдаги камчиликлар таълим сифати тушиб кетишига, билим, малака ва кўникмани амалиётга жорий эта олмасликка ҳамда коллеж битирувчиларига эҳтиёжнинг пасайишига олиб келди.

Шу сабабли 2019 йил 6 сентябрда Ўзбекистан Республикаси Президентининг “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи даражалари билан уйғунлашган янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизими ҳамда табақалаштирилган таълим дастурлари жорий этиладиган таълим муассасалари тармоғи ташкил этилди.

Бунда кадрларнинг меҳнат бозорида тўлақонли ўрин эгаллашлари учун профессионал таълим босқичларини жорий қилиш орқали меҳнат бозори учун малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ҳамда мазкур жараёнга иш берувчиларни кенг жалб қилиш кўзда тутилган.

Шунингдек, иқтисодиётнинг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифаларини замонавий техника ва технологик тенденцияларни ҳисобга олиб, эҳтиёж юқори бўлган ва турдош мутахассисликлар бўйича замонавий ахборот-коммуникация технологияларни татбиқ қилган ҳолда ишлаш бўйича амалий кўникмаларга эга ва камида иккита хорижий тилни биладиган малакали кадрларни тайёрлаш вазифа сифатида белгиланган.

Янги ўқув йилидан халқаро таснифлагичнинг 3-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида 9-синф битирувчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган бошланғич профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган 340 та касб-ҳунар мактаби, халқаро таснифлагичнинг 4-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида ўрта профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган 147 та коллежлар, халқаро таснифлагичнинг 5-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида олий таълим билан интеграциялашган, ўрта махсус профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган 143 та техникумлар фаолият юритади.

Шунингдек, бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим муассасаларига халқаро таснифлагич бўйича асосий таълим дастурларидан ташқари қуйи даражадаги таълим дастурлари буйича кадрлар тайёрлаш ҳуқуқи берилган.

Бу борада Булунғур туманида ҳам учта мутлақо янги профессионал таълим юртлари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Хусусан, педагогика ва спорт коллежи базасида Мактабгача таълим вазирлиги тасарруфидаги коллеж, қишлоқ хўжалик коллежи негизида 1-касб-ҳунар мактаби, миллий ҳунармандчилик коллежи базасида 2-касб-ҳунар мактаби ташкил этиляпти.

Қайд этиш лозимки, касб-ҳунар мактабларида кадрлар тайёрлаш умумтаълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари ҳисобидан шакллантирилган гуруҳларда икки йиллик умумтаълим ва мутахассислик фанларининг интеграциялашган дастурлари асосида кундузги таълим шаклида амалга оширилади. Таълим олаётган ўқувчилар Республика давлат бюджети ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида ойлик стипендия ҳамда уч маҳал овқат билан таъминланади.

Насиба МАМАДИЯРОВА,

халқ депутатлари Булунғур тумани Кенгаши депутати.