Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кўмир бор, иситиш тармоқлари ишлаб турибди. Аммо нега боғчада хона ҳарорати меъёрдан паст?

Кунлар совиши билан фарзандларини боғчага юборадиган ота-оналарни шу саволлар қийнайди: Муассаса иссиқми? Фарзандим шамоллаб қолмасмикан?

Уйда ўтирадиган айрим оналарнинг совуқ кунлар фарзандини таълим муассасаларига юбормаслик ҳолати ҳам учрайди. Хўш, бунга сабаб нима? Фарзандингиз борадиган боғча иссиқлик тизими билан таъминланганми?

Яқинда Zarnews.uz телеграм канали орқали ушбу саволлар асносида ижтимоий сўров ўтказгандик. “Ҳа, таъминланган” дегувчи ота-оналаримиз 32 фоизни ташкил этди. “Иситиш тизими ишласа-да, хоналар совуқ”, деган жавобга тўхталган иштирокчилар 43 фоизни, “Бундай таъминотдан бехабарман”, деганлар 25 фоизни ташкил этди.

Тўғри, бугун замонавий боғчаларимиз сони кўпайди. Болаларга ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Аммо иситиш тизимидаги муаммолар оналарни қийнаётгани билдирилган жавобларда ҳам сезилиб турибди.

Бугун замонавий қиёфа касб этган бир жиҳат эътибордан четда қолгандек, гўё. Чунки аксарият боғчаларга борганимизда реконструкция қилинган, болалар учун барча қулайликлар яратилган муассасада негадир болалар совқотиб ўтиради. Эътиборлиси, таъмирлаш ишлари кўламига муассасанинг иситиш тизимларини ҳам созлаш ишлари киритилган. Кўмир омборхоналарда етарлича бор. Аммо хоналар ҳарорати меъёрдан паст. Боғча мудираси билан гаплашсангиз, “Ҳа, негадир биноларни иситишга қозонларнинг қуввати етмаяпти”, деган жавобни эшитамиз.

Жомбой тумани Деҳқонобод маҳалласида жойлашган 7-давлат мактабгача таълим ташкилоти мудирасининг ҳам муаммоси шу. Боғча эски типда қурилган бўлиб, яқинда таъмирланган. Локал иситиш тизимига эга. Хоналарга кирсангиз ҳарорат меъёрдан паст эканлигига гувоҳ бўласиз. Айрим хоналарда ҳароратни ўлчайдиган термометр бору, аммо бузиқ. Туман мактабгача таълим бўлими томонидан муассасага 4 тонна брикет етказиб берилган. Яна 4 тоннага шартнома қилинган.

- Боғчамиз 280 ўринли бўлиб, бугунги кунда пандемия сабаб 108 нафар бола муассасага келяпти, - дейди мудира Дилором Дўланова. – Муассасамиз фаолиятини 9 ноябрдан бошлади. Карантин даврида, анча вақт ишламаганлиги боис иситиш тизимидаги муаммоларни билмагандик. Мана, совуқ тушиши билан муаммолар юзага чиқди. Айниқса, юқори қаватдаги хоналар совуқ. Чунки тизимнинг бинони иссиқлик билан таъминлашга қуввати етмаяпти.

Бу ҳолат биргина Жомбойдаги боғчада эмас, афсуски, аксарият боғчаларимизда кўзга ташланмоқда. Яъни, эски типдаги кўзни қувнатар даражада чиройли қурилган бинолар замонавий иситиш тизими билан таъминланган. Қозонхонани кўрсангиз, кўмир ёниб турибди. Аммо машғулотлар ва ётоқхонадан бошқа барча хоналар совуқ. Сабабини сўраганингизда усталарнинг тизимни ўрнатишда хатоликка йўл қўйганини, биноларнинг ҳажмини ҳисобга олмаганини айтишади. Хўш, аслида буларни ким назорат қилади?

Вилоят Матбуот уйида мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ш.Раҳмонов томонидан ўтказилган матбуот анжуманида боғчаларнинг иситиш тизими билан таъминлангани, аммо хоналар иссиқ эмаслиги, қурилишдаги нуқсонларни ким назорат қилиши юзасидан савол бердик.

Бошқарма бошлиғининг таъкидлашича, янги қурилаётган ва жорий таъмирланаётган боғчаларни қабул қилиш жараёнида мудираларнинг ҳеч бир эътирозсиз объектни қабул қилаётгани, агар мудира қурилиш ташкилотидан талаб қилиб олса, ўз вақтида бу муаммолар бартараф этилиши мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, барча туман мактабгача таълим бўлимлари қошида эксплуатация хизмати йўлга қўйилган бўлиб, улар боғчаларда хўжалик ишлари муаммоларини бартараф этишга йўналтирилган.

Жойларда мактабгача таълим ташкилотлари мутасаддиларининг ҳисоботларига қарайдиган бўлинса, гўё муаммо йўқдек. Локал иситиш тизимига боғчаларнинг аксарияти ўтказилган, кўмир билан таъминланган. Аммо боғчаларда аҳвол ўзгача.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.