Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Жиззах ҳокимининг қизига тегишли иш бўйича текширув бошлади

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти ҳокими фармойиши билан Жиззах шаҳри кўчаларини кўркам қиёфага келтириш ва ободонлаштириш учун буюртмачи сифатида вилоят раҳбари қизига тегишли корхона танлангани ҳақидаги хабарлар тарқалганди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Жиззах вилоятидаги танлов ҳолати юзасидан сўров юборилганини маълум қилди.

“Давлат харидлари соҳасидаги шартномаларнинг очиқ маълумотлар порталида эълон қилиниши натижасида тизим шаффофлашди.

Бундан ташқари оммавий ахборот воситалари, блогерлар ҳамда фаол фуқаролар саъй-ҳаракатлари туфайли мазкур соҳадаги коррупцион ва манфаатлар тўқнашуви акс этган бўлиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳам юзага чиқмоқда.

Жумладан, Жиззах вилояти ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси Жиззах шаҳрини ободонлаштириш мақсадида ўтказилган танлов масаласи қатор муҳокамаларни келтириб чиқарди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўз ваколатлари доирасида мазкур ҳолат бўйича ўрганишни бошлади.

Ўрганишлар натижалари бўйича ОАВ ва кенг жамоатчиликка батафсил маълумот берилади”, дейилади агентлик хабарида.

Бундан ташқари, Агентлик томонидан давлат харидлари соҳасида учраётган тизимли қонун бузилиш ҳолатлари таҳлилидан келиб чиққан ҳолда мазкур жараёнда юзага келаётган коррупцион ҳолат ва манфаатлар тўқнашувини тартибга солувчи ва жавобгарликни кучайтиришни назарда тутадиган таклифлар ишлаб чиқилаётгани маълум қилинган.