Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кун тарихи: 14 март - Ўзбекистон халқ шоири Барот БОЙҚОБИЛОВ таваллуд топган кун

Барот Бойқобилов 1937 йил 14 мартда Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги Кенагас қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири, Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти лауреати.

«Самарқанд сатрлари», «Висол», «Сени излайман», «Самарқанд ушшоғи», «Афросиёб», «Сонетлар», «Ким сокин яшайди Ўзбекистонда» ва бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган. Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган «Шукуҳли карвон», «Нотинч Хуросон», «Сокин Хуросон» ва «Қонли Хуросон», «Ҳайрат ул-Аброр» достонларидан иборат «Янги Хамса» ва «Ўзбекнома» шеърий романлари бор.

2006 йилда Тошкент шаҳрида вафот этган.

***

    Барот БОЙҚОБИЛОВ

Ургут чиноридан менинг қаламим,

Қалбимнинг софлиги — булоқларидан.

Одамларин меҳри — ўтли каломим,

Қаддим расолиги — алп тоғларидан.

 

Кўклам хандасидан — табассум, кулгим,

Шеър битган қоғозим — сахий даласи.

Кимё тупроғидан тўлган илигим,

Нафасим — шифобахш субҳи сабоси.

 

Бедор сойларида — умрим кемаси,

Чарх урган каптари — ўй-орзуларим.

Тилидаги ғазал — севгим шеваси,

Чўққига кетган йўл — менинг изларим.

 

Таржимаи ҳолим — Ургут қиссаси,

Шеърим — ургутликлар олтин бўсаси.

 

* * *

Юр, чиқайлик сайрга, дўстим,

Соғинганман Сиёб бўйини.

Тарк этайлик шаҳарни бир зум

Кўрмоқ учун кўклам тўйини.

 

Капалакдай айлаб сайри гул,

Боғлар аро кезайлик хуррам.

Сендан фақат илтимосим шул,

Биздан ризо бўлсин бу кўклам.

 

Қўлингдаги чинни пиёла,

Майли, менга тутмасин шароб.

Юр, азизим, тезроқ Сиёбга,

Май ўрнида ичайлик гулоб.

 

Ёшлигимиз ўтган гул боғлар

Ҳар баҳорда бизни сўроқлар.