Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кун тарихи: 20 июнь – таниқли композитор, созанда ва дирижёр, Ўзбекистон халқ артисти Сайфи ЖАЛИЛ таваллуд топган кун

Сайфи Жалил (Жалил Жалилов) 1932 йил 20 июнда Самарқанд шаҳрида туғилди.

Ўзбекистонда xизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон xалқ артисти, Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати. Кўп йиллар ўзбек давлат филармонияси xалқ чолғу асбоблари оркестрида созанда ва дирижёр, “Шодлик” ансамблида бадиий раҳбари бўлиб ишлаган.

Ижодини лирик қўшиқлар (“Кел, эртароқ”, “Она юртим” ва бошқа), романслар (“Айт”, “Кечалар юлдуз санаб” ва бошқа), камер-чолғу ва оркестр пьесалар, сюита ва квартетлардан бошлаган. Кейинчалик симфоник оркестр учун “Тошкент манзаралари” (1966), “Қалам қошлигим” (1967) мусиқали комедиясини яратган. “Навоий Астрободда” (1967, Ю. Ражабий билан) мусиқали драмаси ва айниқса, танбур ва ўзбек чолғу асбоблари оркестри учун “Қалбимда” поэмаси ўзбек аньанавий бастакорлик услубини европача композиторлик ижодиёти тамойиллари билан узвий уйғунлаштиришга эришган. Шунингдек, бир неча симфониялар, “Зебунисо” (1986) ва “Маликаи айёр” (1987) опералари, “Шарқ фрескалари” (1988) балети муаллифи. “Лақма”, “Тўлиной”, “Юлдузлар жамоли”, “Шайтон муридлари”, “Кампир кетармиш” каби асарлари билан ўзбек мусиқали комедияси ва драмаси ривожига катта ҳисса қўшган.

2003 йил 11 февралда Тошкент шаҳрида вафот этган.