Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ливия дорилфунунида икки йил ичида ўн йиллик билимни эгаллаган ўзбекистонлик талаба ким эди?

Бир куни Ливиядан келган доктор Иброҳим Руфайда деган олим билан диний идорада учрашув бўлди. У киши журналистларга хос сирли услубда гапни бир воқеадан бошладилар.

Маълум бўлишича, у киши ишлаётган дорулфунунга бир талаба ўқишга келади. Нияти “Тафсир” куллиётида ўқиш экан. Бироқ, бу куллиётнинг талабалари икки йил олдин ўқишни бошлаб юборишган, янги гуруҳ икки йилдан кейин тузилар экан. Шунда талаба амалдаги гуруҳга қўшишса ўтган икки йиллик ўқув дастурини етказиб олишга ваъда беради. Гап‑сўзлари қатъий эканлигини сезиб, юртига қайтиб кетса яна кела оладими-йўқми шу томонларини ўйлаб таваккал ўқишга қабул қилишади. Ўзлаштирса‑ўзлаштирар, бўлмаса янги гуруҳдагилар билан ўқийверади‑да деган хаёлга ҳам боришади.

Орадан икки йил ўтиб, ўқишлар тугайди, шунда доктор Иброҳим Руфайданинг ёдига “етказиб оламан” деган йигит тушади ва унинг битирув илмий ишини синчиковлик билан кўздан кечиради ва ҳайрон қолади. Талаба икки йил орасида нафақат олдинги икки йиллик билимни, балки ўн йиллик билимни ўзлаштирганига гувоҳ бўлади. Шундан кейин икки йил ичида ўн йиллик билимни эгаллаган талабанинг илмий иши деб, ҳамманинг кўзи тушадиган ойнаванд жойга ибрат учун қўйиб қўйишади.

- Бу ким эди? - деб доктор ўзига ўзи савол қилди ва жавобини ҳам ўзи берди. - Бу йигит Ливия дорулфунунининг Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф исм-шарифли толиби эди.