Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Маърифат ва бағрикенгликнинг дунёвий эътирофи

Айниқса, кейинги асрларда бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва фуқаровий ўзаро аҳилликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев кейинги йилларда юртимизда илм-фан ва маданиятни ривожлантириш, халқимизнинг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништиришга доир бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Мазкур ташаббуслар замирида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида муқаддас динимизни, буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор мужассам.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюцияни қабул қилиш тўғрисидаги ташаббуси кенг жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланди. Унда бағрикенглик, ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларни камситишга йўл қўймаслик каби умуминсоний қадриятлар, барчанинг таълимдан фойдаланишини таъминлаш, саводсизлик ва билимсизликка барҳам бериш ғоялари ифода этилганди.

Яқинда БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик“ бўйича резолюциянинг қабул қилиниши мамлакатимиз учун 2018 йилнинг энг муҳим тарихий воқеаси бўлди, десак адашмаймиз. Бу Президентимиз раҳбарлигида юртимизда миллатлараро ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида узоқни кўзлаб олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг дунё ҳамжамияти томонидан тан олиниши деганидир.

Ўзбекистон томонидан илгари сурилган бу конструктив таклиф – дунёда мавжуд барча динларга нисбатан маънавий бағрикенглик маданиятини кучайтиришга доир ғоя 51 давлат томонидан қўллаб-қувватланди.

Бугун дунёнинг нуфузли сиёсатчилари, экспертлар резолюциянинг бағрикенглик билан бир қаторда, маданий ва диний билимларни кучайтириш, глобал тинчлик ва фаровонлик учун устувор йўналиш сифатида хизмат қилажагини таъкидламоқда.

Жорий йилнинг 22-23 ноябрь кунлари Самарқандда ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми қатнашчиларига давлатимиз раҳбари йўллаган табрикда қайд этилганидек, 2700 йил муқаддам Осиё ҳудудида яратилган энг кўҳна ёзма ёдгорлик – “Авесто” китобида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллатлараро муносабатларни ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойиллари негизида барпо этиш ғоялари муҳим ўрин тутган, зўравонлик ва адолатсизлик рад этилган. Демак, ўтмишимиз шундан далолат берадики, дунёдаги барча цивилизациялар, маданият ва динлар инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги таянч тушунчаларнинг шаклланишига асос бўлган инсонпарварлик ғоялари таъсирида вужудга келган.

Президентимиз ташаббусининг БМТ томонидан қабул қилиниши мамлакатимиз учун ҳам тарихан, ҳам маънан оламшумул воқеа бўлди.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили, Самарқанд вилоят бош имом-хатиби.