Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маданият ва дўстлик фестивали миллатлараро ҳамжиҳатликни кучайтиради

Жорий йилнинг май ойида вилоятимизда ўтказиладиган тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ёшларни миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган «Ўзбекистон - умумий уйимиз» шиори остида маданият ва дўстлик фестивалига катта тайёргарлик кўрилмоқда.

Фестивал доирасида таълим-тарбия муассасаларида «Миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик-тараққиёт омили» мавзусида олимлар, шоир ва ёзувчилар, меҳнат фахрийлари ҳамда турли миллат вакиллари иштирокида давра суҳбатлари, адабий-бадиий кечалар ташкил этилади.

Шунингдек, вилоятимизнинг қўшни давлатларга яқин бўлган Булунғур ва Ургут туманларида «Чегара олди ҳудудларда халқ дипломатияси тамойиллари асосида ўзаро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш» мавзусида маданий-маърифий тарғибот тадбирлари ўтказилади.

- Вилоят маданият бошқармаси билан ҳамкорликда мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан кўп миллатли ва ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувликни таъминлашга бағишланган маданий-маърифий тадбирлар ўтказишни режалаштирганмиз, - дейди Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Тошпўлат Тугалов. – Самарқанд давлат университети билан биргаликда «Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари: тарихи, ҳолати ва истиқболлари» мавзусида мақолалар тўпламлари  тайёрланади. Шунингдек, вилоятимизда истиқомат қилувчи турли миллат вакилларидан бўлган ижодкорларнинг асарлари китоб ҳолида чоп этилади.

Тадбир доирасида вилоят адлия бошқармаси томонидан миллий-маданий марказлар ходимларига мўлжалланган давлат грантлари танловларида қатнашиш учун лойиҳа ва дастурлар тайёрлаш, нодавлат-нотижорат ташкилотлари фаолиятига оид қонунчиликни тушунтириш юзасидан ўқув семинарлари ташкил этилади.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.