Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маҳалладан гапирамиз: Стуллар суҳбати

-  Биз ҳам одамбашара бўларканмизми бирон кун? – деди биринчи стул. 

-  Қизиқмисан, одамлар одамбашара бўлмаяпти-ю, биз бўламизми? Биз стулбашара бўлишимиз керак! – деди иккинчи стул.

-  Тўғри, лекин бизнинг истагимиз билан нима ҳам ўзгарарди.

-  Э, қўйсаларингчи шунақа дийдиёларни. Ёшликда ўйнаб қолиш керак. Мутасаддилар бизга шундай имкон бераяпти-ку. Мана, масалан мен, ўтирган ўқувчининг шимини “тишлаб” қоламан. Бир-икки бўралаб сўкинади-ю, ҳеч нима қилолмайди. Қила олгани тикувчига бориб, мен тешиб қўйган жойга чок тушириб келади. Шу-шу кертилган камина ва тешилган шим ёки колготки дўст бўлиб оламиз.

-  Шу ўйнаб қолишми? – суҳбатга қўшилди учинчи стул. – Ҳечам ундай эмас. Бу нима, биласизларми?

-  Сендан билимлироғимиз йўқ, - кулишди бошқа стуллар.

-  Бу жиноят. Шими йиртилган боланинг хаёли дарсда бўладими ўша пайтда? Йўқ! Дарс қилмаган ўқувчи ким бўлади? Иккичи? Иккичи улғайса ким бўлади? Тор фикрли одам бўлади. Тор фикрли одам ким? Болаларнинг яхши илм олиши учун мактабни инвентаризация қилиш ҳақида хатлар тушганда, уларни “кўрамиз” деб, папкага солиб, шкафга тиқиб қўядиган ва унутиб юборадиган одам.

-  Файласуф бўлиб кетибсанми, ўртоқ? – дейишди бошқа стуллар. 

-  Э, сизларни ҳам тахталарингни алмаштириб қўйишса, тап-тайёр файласуф бўласиз-қоласизлар.

-  Кейин кимни тишлашти билмаймизку бунақада, - кулди биринчи стул.  Сўнг хомуш тортиб, қўшиб қўйди:  - Болаларни ўйламайдиганларни ҳоким бобо олиб келиб бир ўтирғизсайди, мен бир тишласам эди...

Суҳбат 15-мактаб синфхонасидан ёзиб олинди.