Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маҳаллалардаги ўзибўларчилик, лоқайдлик, бефарқлик кечирилмайди

Самарқанд вилояти ҳокимлигининг маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятини танқидий ўрганиш бўйича чора-тадбирлар режасига асосан Пахтачи тумани маҳаллалар кенгаши ва маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти ўрганилди.

Маҳалла - тарбия ўчоғи, маънавият маскани. Бу масканнинг остонаси эса, шубҳасиз, маҳалла фуқаролар йиғинлари идораси саналади. Шу нуқтаи назардан ўрганишларимизни туман маҳаллалар кенгаши идорасидан бошладик.

Афсуски, кенгашнинг ўзида муаммолар ёмғирдан кейинги қўзиқориндай «кўпчиб» чиқди: кенгашнинг ўз биноси йўқ, туман почта-алоқа боғламаси идорасида ижарада фаолият юритмоқда, ходимлар учун шароит етарли эмас. Ўрганишларимиз давомида билдикки, тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам аҳвол бу ердагидан яхши эмас.

Туманда 59 маҳалла фуқаролар йиғини фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 21 тасининг биноси йўқ, 32 маҳалла идораси таъмирталаб, 23 маҳалла фуқаролар йиғинлари компьютер жамланмасига, 38 маҳалла мебелга муҳтож.

Масалан, Мирзо Улуғбек маҳалласи туман “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасининг биносида ижарада туради. Бино авария ҳолатида. Маҳаллага берилган хоналарда ёритиш ҳамда иситиш тизими мавжуд эмас. Мебеллар билан таъминланмаган, бори ҳам яроқсиз. Туманнинг биринчи сектори раҳбари 2018 йилда кенгаш ҳамда ушбу маҳалла фуқаролар йиғини учун икки қаватли бино қуриб беришни ваъда қилган, аммо ваъда ваъдалигича қолган.

Кештали маҳалласи эса тадбиркорга тегишли бинонинг биттагина хонасида ижарада фаолият юритяпти. Табиийки, бундай жойда ходимларнинг ишлаши учун шароит йўқ. Найман ҳамда 2017 йилда янги замонавий бинога эга бўлган Болтали маҳаллаларининг кадастр ҳужжатлари тайёрланмаган.

Қайси маҳалла обод бўлса, ўша ерда турмуш файзли, баракали бўлади. Бу баракани таъминлаш бошида албатта, маҳалла раиси, котиби, фаоллари туради. Аммо уларнинг ўзлари жамиятда бўлаётган ўзгаришларга бефарқ, ўзи ишлаб турган бино, унинг ҳовлисига эътиборсиз бўлса, бундай ходимлардан нима кутиш мумкин? Масалан, тумандаги Тадбиркор маҳалласи биносининг атрофи чиқиндиларга тўла, Қоратепа маҳалласи биноси томини термит босган, Бодой маҳалласи биноси томидан сув ўтган, деворлари ёрилган. Бўстон маҳалласида ҳам худди шундай ҳолат.

Назоратнинг сустлиги, аҳоли ўртасида умумпрофилактик тадбирлар ўтказилмаётганлиги боис айрим маҳаллаларда ўзибўларчилик кайфияти ҳукмрон. Оқибатда Найман, Бодой, Жаҳонобод, Истиқлол, Мирза Салимий, Ободон, Сулувқўрғон, Мирза Олим, Бурқут, Тома, Гулшан маҳаллаларида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар кўпайган. Қоратепа, Найман маҳаллаларида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир этувчи ҳолатлар, жумладан, эрта туғруқ, ўз жонига қасд қилиш ва шаърий никоҳлар қайд этилган.

Бугунги талаб - маҳалла раислари фаоллар билан бирга хонадонма-хонадон юриб муаммоларни ўрганиши, тегишли манфаатдор ташкилотларнинг ҳисоботларини эшитиши, кам таъминланганларни қўллаб-қувватлаши, ёшларни тадбиркорликка йўналтириши, аҳолини иш билан таъминлаши керак. Аммо бу масалалар аксарият маҳалла фуқаролар йиғинларида ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Жумладан, Мирзо Улуғбек, Кештали, Дабусқальа, Найман, Фаровон-Йўлдошобод, Шамсназар, Қилтамғали, Болтали, Тадбиркор, Миркан, Фай, Қоратепа, Бодой, Истиқлол, Бўстон, Жаҳонобод, Наҳрипай, Сарой, Оқтепа, Гулистон, Тараққиёт, Ободон, Мирзо Салимий, Тома, Истиқбол, Ёбу, Мирза Нодим, Мирза Олим, Ҳунарманд, Гўрўғли, Гулшан маҳаллалари раис ва ходимларнинг вазифалари тақсимоти ишлаб чиқилмаган. Асосий фаолият йўналишлари бўйича комиссиялар фаолияти талаб даражасида эмас. Кенгаш йиғилишларида профилактика инспектори, таълим муассасалари раҳбарларининг ҳисоботлари, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалардан бириктирилган масъулларнинг ахборотлари эшитилмаган.

Ижро интизомига амал қилинмаётгани, юқори ташкилотлардан келаётган хат ва ҳужжатлар ижроси белгиланган муддатларда таъминланмаётгани аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида уларни спорт, фан ва мусиқа тўгаракларига жалб этиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Ўрганишлар жараёнида Мирзо Улуғбек, Дабусқалъа маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, мутахассиси, Кештали ва Фаровон-Йўлдошобод маҳаллалари масъул котиблари вазифасидан озод этилди. Шамсназар ва Қилтамғали маҳаллалари раисларининг ишда қолиш ёки қолмаслик масаласини кўриб чиқиш бўйича кўрсатма берилди.

Шунингдек, тумандаги 5 маҳалла фуқаролар йиғинларига “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими маблағлари ҳисобидан бешта компьютер жамланмаси совға қилинди.

Туман маҳалла фуқаролар йиғинларидаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси” тузилиб, кўтарилган масалалар ижрога қаратилди.

Б.НАСРИЕВ,

вилоят маҳаллалар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари.