Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маҳкумларга ҳам пенсия тайинланади

2019 йилнинг 28 августида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниб, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга 53-1 (прим) моддаси қўшилди.

Қонунда озодликдан маҳрум этилган шахсларга пенсия тўлаш кўрсатиб ўтилган. Эндиликда манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсия тўлаш манзил-колония жойлашган ҳудуддаги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тегишли пенсиялар суммаларини маҳкумларнинг шахсий ҳисобварақларига ўтказиш орқали амалга оширилиши белгиланди. Яъни, озодликдан маҳрум этилган шахслар муассаса жойлашган жойда пенсия тайинлаш борасида ариза беришлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан Паст Дарғом туманидаги 37-манзил-колонияда мазкур қонуннинг мазмун-моҳиятини тарғиб этиш юзасидан маҳбуслар билан учрашув ўтказилди. Тадбирда қонунда белгиланган масалалар юзасидан иштирокчиларга батафсил тушунчалар берилди, маҳбуслар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.

Худди шундай тадбир Самарқанд шаҳридаги Фарҳод қўрғонида жойлашган 10-манзил-колониясида ҳам ташкил этилди.