Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Мактаб формасини киймайман!"

 Ўшанда қабулхонадаги бир ҳолат эътиборимни тортган эди. Стол устида бир-биридан бежирим, қимматбаҳо аёллар сумкаси (10-12 дона) турибди. Опа сумка сотармикан, деб ўйладим. 
Мактаб раҳбари мени кузатиб қўяркан, алоҳида таъкидлади: "Бизда ўқувчилар формаси қатъий белгиланган. Фарзандларингиз шу ерда ўқиса, улардай кийиниши  зарур". 
Сир эмас, ҳар бир ота-она болаларига мактаб формасини сотиб олиш учун ёзги таътил давомида йиғинади. Негаки, бу оила бюджети билан боғлиқ. Начора, яна мактаб формаси харид қиладиган бўлдик.
Айни кунда республикамизда ўқувчилар учун ягона тасдиқланган мактаб формаси мавжуд эмас. Бу масала юзасидан изланишлар ҳамон давом этмоқда. Маълумотларга кўра, 2018 йилда бу борада якуний қарорга келиниб, ягона форма жорий этилади.

– Қабулхонадаги сумкаларни кўрдингизми? – дея сўради опа. – Улар юқори синф ўқувчиларидан олиб қўйилган. Болаларингизнинг сумкаси ҳам мактабга мос бўлсин.
Унинг бу сўзларини эшитиб, ҳадигим ариди. Хайрият, директор савдогар эмас экан.
– Ўқув йили бошланишидан олдин мактаб ярмаркасида ўқувчи формаларини сотишни ташкиллаштирдик, – дейди Самарқанд шаҳридаги 8-умумтаълим мактаби касаба уюшмалари қўмитаси раиси Н.Эшмуродова. – Аммо айрим ўқувчилар формаси бўлатуриб, мактабга турли кийимларда келишади. Айниқса, юқори синф ўқувчилари. Баъзан уларни мактабга қўймай, уйларига қайтариб юборишга тўғри келяпти. Ота-оналар ҳам эътироз қилиб қолишади. 

– Қизим улғайиб қолди, деб уни бозорга олиб тушгандим, – дейди улардан бири. – Кун ярим бўлди ҳамки, ярмаркани бир неча бор айланиб, унга ёқадиган форма танлай олмадик. Танлаганлари эса мактабга мос эмас. Боламнинг инжиқлигидан бироз асабийлашдим. Барча мактабларда бир хил форма бўлганида эди, индамай киярди. 
Рост болалар бу ёшда нима хоҳлаётганларини ўзлари ҳам билишмайди. Фақат тақлид қилишади. Ўқувчининг маданияти унинг оилада олган тарбиясига бевосита боғлиқ.

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.