Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Малайзия собиқ бош вазири хотини давлат пулини талон-тарож қилган

Малайзия полицияси собиқ бош вазир Нажиб Раззоқнинг хотини давлат инвестицион фонди ҳисобидан $23 миллионлик маржонни сотиб олганини исботлади, деб ёзмоқда minbar.uz.

"Полиция суриштируви пайтида қиймати тахминан 23 миллион долларлик пушти олмослардан иборат маржонлардан бири Нью-Йоркдаги заргарлик дўконидан Малайзия инвестия давлат қўмитаси пулларига сотиб олингани исботланди", дейилган полиция ҳисоботида.

Шунингдек, собиқ бош вазир Нажиб Раззоқнинг ўзи ҳам бу каби жиноятлардан холи қолмаган. Ҳозир унга жами еттита айблов қўйилган бўлиб, улардан учтаси бўйича 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда ротанг таёқлари билан савалаш жазоси кўзда тутилган. Бундан ташқари, етказилган зарарнинг беш баравари миқдорида жарима солиниши ҳам мумкин.

Ўтган йили прокуратура Нажибни 42 та модда бўйича 681 млн. доллардан ортиқ пулни ўзлаштиришда айблаган.

2009 йилда бош вазир бўлган Нажиб Раззоқ энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги инвестицион лойиҳалар учун мўлжалланган 1MDB фондини ташкил этганди. 2015 йилда The Wall Street Journal газетаси Нажибнинг ҳисоб рақамида фонд ҳисоб рақамидан ўтказилган 700 миллион доллар маблағ борлиги ҳақида шов-шувли мақола эълон қилганди.

Ҳукумат аввалига буни рад этди, аммо суриштирув бошлашга мажбур бўлди. Натижада коррупцияга қарши курашиш идораси Нажиб ҳисоб рақамларида 700 млн доллар борлигини тан олди. Бош вазирнинг ўзи эса бу пуллар Саудия Арабистони қироли оиласидан ёрдам эканини айтди.