Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

2018 йил давомида маъмурий судлар 19 миллиард сўм жарима тайинлади

Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда 2017 йил 21 февралда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонлари асосида мамлакатимизда маъмурий судлар ташкил этилди.

2018 йилда вилоят, туман ва шаҳар маъмурий судларига жами 55 минг 436 нафар шахсга нисбатан 43 минг 778 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар келиб тушди.

Жумладан, оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 1 420 та маъмурий иш кўрилди. Шундан 1052 таси қаноатлантирилди, 215 таси рад қилинди, 95 таси иш юритишдан тугатилди, 58 та иш кўрмасдан қолдирилди. Сайёр суд мажлисида 313 та маъмурий иш кўрилди.

Аксарият йўл-транспорт ҳодисалари автоуловни маст ҳолда бошқариш туфайли келиб чиқади. Ушбу ҳолат бўйича 2018 йилда 7 минг 662 маъмурий иш бўйича 7 минг 814 нафар шахс жавобгарликка тортилди. Шунингдек, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юборишига оид 1227 иш маъмурий бўйича 1227 нафар шахс, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келишига оид 1448 иш маъмурий бўйича 1514 нафар шахс жавобгарликка тортилди.

Маъмурий судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва қўлланилган чораларнинг таъсирчанлигини ошириш мақсадида ишларни сайёр суд мажлисларида кўрилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ишларнинг 23 минг 307 таси ёки 52,4 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилгани бу борадаги ишлар самарали бўлганидан далолатдир.

Ҳисобот даврида кўриб тамомланган 30 минг 728 та маъмурий ишлар бўйича 34 минг 870 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўллаш ҳақида қарор чиқарилди. Уларнинг 24 минг 575 нафарига нисбатан жарима жазоси қўлланилди. Умуман, вилоят, туман маъмурий судлари томонидан 2018 йил давомида кўрилган маъмурий ишлар бўйича 19 миллиард 792 миллион 275,2 минг сўм жарима жазоси тайинланди.

Шаҳар, туман маъмурий судлари томонидан аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ҳам бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Фуқароларга янада енгиллик яратиш ва уларни сарсон қилмасликнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир маъмурий суд биносида "Ишонч телефони" ўрнатилган бўлиб, фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан телефон орқали мурожаат қилмоқда ва масалалар юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ботирали ДИЁРОВ,

вилоят маъмурий суди раиси.