Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мана қандай одамлар бор, улар бизнинг ҳамюртларимиз, аммо...

Наврўз байрами арафасида бир гуруҳ самарқандлик журналистлар Фарғона водийсини зиёрат қилдик. Сафаримизнинг биринчи куни Қўқон шаҳридаги Худоёрхон саройида бўлганимизда, саройнинг ички хоналаридан бирида деворда осилган кўргазмали қуроллар диққатимни тортди.

-Бу матога тикилган нақшларни ногирон болалар оёғида тикишган, - деди Ўктамхона опа, изоҳ бериб.

Ишонмасдан опани саволларга тута бошладим. Опа ўзи, ногирон болалар учун қилаётган ишлари ҳақида гапира кетди. Шу аснода у Қўқон шаҳрида “Иқтидор” имконияти чекланган болаларни қўллаб-қувватлаш маркази очгани, аммо унинг бир-иккита муаммолари борлигини, югурмаган жойи қолмаганини айтиб берди.

Қуйида, шу ҳақда маълумот берамиз. Адолатли раҳбарлар ва саховатли кишилар эътиборига муҳтож марказдан ёрдамингизни аямайсиз, деган умиддамиз.


***

Турсунали Аҳмадалиев 79 ёшда, Ўктамхона Аҳмадалиева 74 ёшда Ҳожи она. Улар қўқонлик. Турсунали ота рассом, турмуш ўртоғи билан имконияти чекланган ва кам таъминланган оилаларнинг болаларига “Иқтидор” имконияти чекланган болаларни қўллаб-қувватлаш марказида рассомлик, кандакорлик каби бир қанча ҳунар сирларини текинга, ўз ҳисобларидан (уларнинг ортиқча даромади йўқ нафақахўр) ўқитишади. Аммо мамлакатимизда айнан шундай одамларга, уларнинг фаолиятига эътиборсизликни ҳар қадамда учратишингиз, шубҳасиз.

Агар уларга эътибор беришганида, 20 йил давомида жой тополмай сарсон-саргордан бўлиб юришмасди. Айни пайтда педагогика коллежининг 3-қаватида бу марказ фаолиятини давом эттиришмоқда. Энди қўли йўқ, оёғи ногирон болажонларнинг учинчи қаватга чиқиб тушишини тасаввур қилинг-а!

Мени, айниқса, икки қўли йўқ оёқлари билан расм чизадиган, гиламча тўқийдиган бир қизалоқнинг тақдири ташвишга солди. Онаси вафот этган, отаси бошқага уйланган, айни пайтда амакиси қўлида тарбияланаётган бу қизча йўлига минг сўм тополмайдиган ҳолатлар бўлиб тураркан. Болаларнинг қўл меҳнати учун ишлатиладиган маҳсулотлар ип, қоғоз, бўёқлар, рангли қаламлар учун Турсунали ота ва Ўктамхон аялар ўз маблағларини сарфлашади, ҳатто баъзида болаларнинг йўл пулини ҳам кўтаришади. Турсунали ота менга шундай дейди: “Мен бундай кам таъминланган оилаларнинг болалари ёки ногирон болаларни тиламчилик қилишдан асраб қолдим, нафақат асраб қолдим, балки уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига ҳисса қўшдим, менга фақат шу керак”.

Хуллас айни пайтда бу марказ учун муқим фаолият юритадиган хона ва битта транспорт керак. Чунки баъзи болалар (қўли йўқ) оёғи билан такси тўхтатишганда ҳайдовчилар оёғинг билан такси тўхтатаяпсан, бизни мазах қилаяпсан, деб ҳақорат қилиб кетишган кунлар ҳам кўп бўларкан. Шу пайтда боланинг не аҳволга тушишини тасаввур қилиб кўринг-а!

Хуллас, уларга ўзларининг айтишича эээээскигина бўлса ҳам транспорт керак... Ўйлайманки, бу икки олижаноб инсоннинг хайрли ишларига ёрдам беришда, қўллаб-қувватлашда, мутасадди раҳбарлар, ҳомийлар бефарқ бўлишмайди.

Барно Султонова, журналист.